Тантанали маросимда Агентликнинг вилоят бошқармаси, туман, шаҳар марказлари ҳамда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари масъул ходимлари, шунингдек, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.

Ўтган 3 йил ичида мамлакатимизда давлат хизматлари агентлиги фаолиятини йўлга қўйиш, хизматлар кўлами ва сифатини ошириш, халқнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш борасида олиб борилаётган амалий ишлар ўзининг ижобий самарасини берди. Авваллари фақат юридик шахслар учун хизмат қилган тизим бугун аҳоли ва тадбиркорларга 148 та хизмат турини кўрсатиб келмоқда. 

Дастлаб Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилоят бошқармасининг мобил автобуси ҳамда туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари учун ажратилган «Дамас» автомашиналари байрамона безатилиб, аҳолига хуш кайфият улашиш мақсадида вилоят маркази бўйлаб айланди. Ҳа, мазкур автоуловларни билмаган, унинг хизматидан фойдаланмаган фуқаролар деярли кам.

Шодиёна сабаб кишиларга қувонч бағишлаш истагида шаҳар кўчаларини кезган ДХА карвони белгиланган ҳудудлардан сўнг Наманган шаҳар давлат хизматлари марказига келди.

Хабарингиз бор, аҳолига тез, қулай ва шаффоф хизмат кўрсатишни амалга ошириш учун бундан роппа-роса 3 йил аввал Ўзбекистон республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилганди. Хўш, бу агентлик фуқароларга қандай имкониятлару қулайликларни туҳфа қилди. Дастлаб фаолият бошлаганида 30 га яқин давлат хизматларини кўрсатган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 148 тага етди. Вилоятдаги барча туман ва шаҳар Давлат хизматлари марказлари фаолияти такомиллаштирилиб, хизмат кўрсатиш сифати, кўлами ва савиясини юксалтиришда арзирли ишлар бажарилди.

Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилояти бошқармаси туман ва шаҳар давлат хизматлари марказлари орқали 2019 йилда фуқароларга 941 мингдан ортиқ давлат хизмати кўрсатилган. Таъкидлаш жоиз, пандемия бўлишига қарамай, жорий йилнинг 10 декабрига қадар фуқароларга 542 мингдан ортиқ хизмат кўрсатишга эришилди. Қувонарлиси, буларнинг 18 мингга яқини тадбиркорлик субъектларига тўғри келади.

Тадбирда уч йил давомида фуқаро мурожаатларига тезкорлик билан жавоб берган, давлат хизматлари агентлиги электрон тизимига интеграциялашган давлат ташкилотлари ва идоралари ходимлари, қолаверса, кўрсатилаётган хизматлар ва янги хизмат турлари ҳақида аҳоли хабардорлигини тезкор ва таҳлилий таъминлашда қўшган ҳиссаси учун оммавий ахборот воситалари вакиллари, тизимда намунали фаолият юритаётган бир гуруҳ ДХАчилар Агентлик Наманган вилояти бошқармасининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Марказга ташриф буюрган фуқароларга ҳам эсдалик совғалари топширилди.

- Умуман, давлат хизматлари соҳасидаги саъй-ҳаракатлар кўлами йилдан-йилга ортмоқда. Тўғри, хато ва камчиликлар ҳам йўқ эмас, лекин айни ташкилот одамларнинг вақти ва маблағи тежалишига, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олишга кўмаклашаётгани, давлат хизматлари марказлари фаолиятидан кўпчиликнинг кўнгли тўлаётгани рост, албатта. 
Яқинда журналист ва блогерлар учун биз йўлга қўйган медиа-турда иштирок этиб, ДХМнинг Наманган шаҳридаги «Орзу» филиали ва Поп туманининг Чодак қишлоғидаги «Истиқлол» филиали мисолида ҳақиқий ҳолатни кузатиб қайтган ҳамкасбларимиз вилоят марказида ҳам, чекка туманда ҳам хизмат кўрсатиш сифати бир хил эканлигини алоҳида эътироф этишди, - дейди ДХА Наманган вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Фозилжон Жўрабоев.

Дарвоқе, туман ва шаҳар давлат хизматлари марказларини қуриб фойдаланишга топширишда, уларнинг замонавий мебеллар, энг сўнгги ахборот коммуникациялари билан жиҳозланишида ҳокимлар ҳам жонбозлик кўрсатишмоқда. Ахир ҳар бир туман раҳбари ўз фуқароларининг яхши шароитда яшаши, чиройли жойларда хизматлардан сифатли фойдаланишини хоҳлайди.
Шундай фаол мутасаддилардан бири Уйчи тумани ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Оппоқов миллий ҳамда замонавий архитектура-қурилиш қиёфа ва имкониятларини ўзида мужассамлаштирган Давлат хизматлари маркази инновацион биносининг барпо этилишида қўшган муносиб ҳиссаси учун Агентликнинг ташаккурномаси ва эсдалик совғаси билан мукофотланди.

Ташаккурномани ДХА Наманган вилоят бошқармаси бошлиғи Илҳомжон Абдусатторов ўз эгасига топширди.

Орифжон ЖЎРАЕВ,
«Янги Ўзбекистон» газетасининг

Намангандаги мухбири.