Air Cairo авиакомпаниясининг Шарм-аш-Шайх — Тошкент йўналиши бўйича СМ771 рейси Шарм-аш-Шайхдаги ноқулай об-ҳаво шароити, шунингдек, экипаж иш вақти тугагани сабабли Миср аеропортида 10 соатдан ортиқ кечиктирилди. Бу ҳақида Uzbekistan Airports расмий манбаси хабар бермоқда.
200 дан ортиқ йўловчи Ўзбекистон пойтахтига жўнаб кетишни кутмоқда. Шарм аш-Шайхдан Тошкентга учадиган самолёт Тошкент вақти билан соат 15:00 да учиши режалаштирилган. Тошкентга етиб келиш 19:30 га белгиланган.
Узоқ кечикиш муносабати билан СМ772 (Тошкент — Шарм аш-Шайх) рейсининг парвозлар жадвали ўзгартирилди. Тошкентдан жўнаб кетиш 2023 йил 17 май соат 20:30, Шарм-аш-Шайхга етиб бориш 2023 йил 18 май, Тошкент вақти билан соат 01:55 га белгиланган.
“Тошкент” халқаро аеропортидан учаётган йўловчиларга рейснинг кечиктирилгани ҳақида хабар берилди ва уларга ўз уйларига қайтиш ёки терминалда парвозни кутиш таклиф қилинди.