Ҳар бир спорт турини дунёда кенг тарғиб этиш, оммалаштириш ва ривожлантириш учун етарли билим, кўникма, малака ва тажрибага эга мутахассислар - мураббийлар, ҳакамлар, инструкторларга бўлган талаб юқори ҳисобланади.
"Дунё" ААнинг қайд этишича, мазкур семинарда Хитой, Япония, Монголия, Жанубий Корея, Хитой Тайпей, Макао ва Гонконг кураш федерациялари мураббийлари иштирок этади. Zоом платформаси орқали қатнашадиган мутахассисларга Халқаро кураш институти ва Халқаро кураш ассоциацияси экспертлари томонидан кураш усулларининг 7 та йўналиши асосидаги қоидалари тўлиқ ҳолда назарий ва амалий жиҳатдан ўргатилади.
Шунингдек, семинар доирасида Халқаро кураш институти ва Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиши режалаштирилган. Мазкур меморандум ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, тарғибот ишларини ривожлантириш, кураш спорт турини оммалаштириш, унинг бой анъаналари ва қадриятларини келажак авлодларга етказишда, ўзбек спорти бренди номи билан курашнинг жаҳон аренасидаги ролини оширишда ёш иқтидорларни жалб этишдан иборатдир.