Учрашувда Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилмоқда. Номзод ўз нутқида Самарқанднинг миллий давлатчилигимиздаги ўрни ҳақида алоҳида тўхталди.
– Самарқанд миллий давлатчилигимиз пойдевори яратилган, қадимий пойтахт мақомига эга бўлган йирик тарихий ва маданий марказларимиздан бири. Бу кўҳна ва бетакрор шаҳар Ўзбекистон тарихида, бугунги ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда алоҳида ўрин тутади.
Жаҳон илм-фанида “Ғарбда – Рим, Шарқда – Самарқанд” деган ибора бежиз пайдо бўлмаган.
Айниқса, буюк Соҳибқирон Амир Темур бобомиз даврида Самарқанднинг шуҳрати бутун дунёга таралди.
Самарқанд заминида ўнлаб, юзлаб буюк аждодларимиз – машҳур саркарда ва давлат арбоблари, аллома ва мутафаккир зотларнинг қадамжолари мавжуд.
Биринчи Президентимиз, атоқли давлат ва сиёсат арбоби, муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг қабри, зиёратгоҳи ҳам шу ерда.
Самарқанднинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётимиздаги ўрни ва мақоми, айниқса, кейинги йилларда ўсиб бормоқда.
Қадимий пойтахтимиз йирик халқаро саммитлар, таниқли сиёсат, илм-фан, маданият ва дин арбоблари иштирокидаги кўплаб илмий-маданий анжуманларга мезбонлик қилмоқда, деди жумладан Шавкат Мирзиёев.
Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги сайловчилар билан учрашмоқда.