Аҳоли ўртасида кенг тарқалган юрак-қон томир, эндокрин, буйрак етишмовчилиги ва онкологик касалликларни камайтириш мақсадида, алоҳида дастурлар қабул қилинади.

Репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштирилади. Биринчи босқичда 46 та туманлараро перин́атал марказлари барпо этилади.

Ногиронлиги бўлган ўғил-қизларимизни соғломлаштириш учун Республика болалар тиббий реабилитация маркази ва унинг филиаллари ташкил қилинади.

Иккинчидан, хусусий тиббиётни янада ривожлантириш мақсадида, уларга солиқ имтиёзлари бериш давом эттирилади.

Тиббий хизматлардаги хусусий секторнинг улуши ҳозирги 12 фоиздан 25 фоизга етказилади.

Шунингдек, 11 та тиббиёт олийгоҳи трансформация қилиниб, уларнинг қошида клиникалар ташкил этилади ҳамда ўқитувчиларнинг илғор хорижий давлатларда тизимли малака ошириши йўлга қўйилади.

Учинчидан, ўзимизда ишлаб чиқарилган дори-дармон ва тиббиёт воситаларининг миқдори 80 фоизга етказилади.

Ушбу тармоқдаги ишлаб чиқарувчиларга берилган имтиёзлар яна 5 йилга узайтирилиб, замонавий фармацевтика кластерлари ҳамда зоналари ташкил этилади ва мавжудлари янада ривожлантирилади.