Пандемия билан боғлиқ вазият сабабли туркманистонлик шахматчилар Тошкентга етиб келишолмади.
Эслатиб ўтамиз, умумий соврин жамғармаси 3 000 АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу мусобақада дастлабки иккита ўринни эгаллаган шахматчилар Жаҳон кубогида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишади.

Кеча бўлиб ўтган 5-тур ўйинлари ҳамюртларимизга омадли чиқди. Жумладан, мусобақада рейтинги энг юқори бўлган шахматчимиз Нодирбек Абдусатторов гарчи қора доналарда ўйнаган бўлишига қарамай қозоғистонлик Жондос Агманов устидан ғалаба қозонди ва ўз очколари сонини 4тага етказиб олди.

Икки ҳамюртимиз – Жаҳонгир ва Шамсиддин Воҳидовлар қарама-қаршилигида эса кучлар тенг келди: 0,5-0,5.

Мусобақанинг иккинчи тартиб рақамли иштирокчиси Нодирбек Ёқуббоев ҳам 5-турда ғалаба нашидасини сурди. У оқ доналарда яна бир қозоғистонлик шахматчи, гроссмейстер Муртаз Казгалеевни мағлуб этди.

5-тур ўйинларидан кейин Шамсиддин Воҳидов 4,5 очко билан якка пешқадам бўлиб олди. Бирйўла уч нафар шахматчимиз – Жаҳонгир Воҳидов, Нодирбек Ёқуббоев ҳамда Нодирбек Абдусатторовлар эса бир хил – 4 очкодан жамғаришган.