Тадбирга Шахмат бўйича Жаҳон, Осиё ва Ўзбекистон чемпионларининг устози, олий тоифали мураббий, «Шуҳрат» ордени совриндори Равшан Шукуров таклиф этилди. Маҳорат дарсида факультет профессор-ўқитувчилари, тьюторлар ҳамда талаба-ёшлар қатнашдилар.
Тадбирнинг очилиш маросимида университетнинг Ёшлар масалалари ҳамда маънавий ва маърифий ишлар бўйича проректори М.У.Атамуратов Амир Темур бобомиз ҳам шахматга фақатгина вақтини хуш ўтказиш мақсадида эмас, балки, бугунги тилимиз билан айтганда, тактик назарий билим олиш воситаси сифатида ҳам қараганлиги, ўзи билан бирга бошқаларни ҳам шахмат ўйнашга даъват қилганлиги, Темурийлар саройидаги бу анъана йиллар ўтиб Алишер Навоий ҳазратлари даврида ҳам давом этганлиги хусусида тўхталди. Ўзбек адабиётининг бебаҳо асарларидан бири бўлган «Бобурнома»да Заҳириддин Муҳаммад Бобур бобомиз Алишер Навоийнинг уйида ўз даврининг машҳур шоирлари, санъаткорлари тез-тез йиғилиб турганлиги, улар мушоиралар, ижодий кечалар ташкил қилиш билан бир қаторда, шахмат билан ҳам шуғулланганлигини ёзиб қолдирганлиги ҳақида гапирди.
Олий тоифали Мураббий Равшан Шукуров шахмат-шунчаки ўйин эмас, балки, бу вақт ўтказишнинг маълум даражада бадиийлик ва илмийликка асосланган интеллектуал фойдали усули эканлиги, жисмоний мукаммаллик учун спорт қанчалик муҳим бўлса, ақлий салоҳият учун шахмат шунчалик муҳимлиги, у инсонларга хос бўлган алоҳида хусусиятларни ривожлантириш ва ақлни машқ қилдиришнинг қизиқарли ҳамда қулай йўли эканлиги хусусида тўхталди. Ҳозирги кунда Беш муҳим ташаббуснинг иккинчи йўналиши ижроси бўйича ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилиш мақсадида спортнинг шахмат ва шашка турлари бўйича ҳам мусобақалар ташкиллаштирилаётганлиги, спорт тадбирларида фаол қатнашган ва ғолибликни қўлга киритган ёшлар муносиб тақдирланаётганлиги ушбу спорт турининг ихлосмандлари кун сайин ортиб бораётганлигидан далолатдир,— дея таъкидлаб ўтди устоз. — Шогирдим, Нодирбек Абдусатторов 2004 йил 18 сентябрда зиёли оилада туғилган. Бу камтарин йигит келажакда шахмат билан шуғулланишда давом этади.
Р. Шукуров 2017 йил Нодирбек Абдусатторов 13 ёш 1 ой ва 11 кунлигида халқаро турнирда ғолиб чиқиб, шахмат тарихида иккинчи энг ёш гроссмейстрга айланганлиги, НФИДE унга 2018 йилнинг апрель ойида унвон берганлиги, яқинда Варшавада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидан чемпионлик билан қайтган Нодирбек Абдусатторовга «Мард ўғлон» давлат мукофоти, 250 миллион сўм мукофот пули ҳамда Тошкент шаҳридан 2 хонали уй калити топширилганлигини кучли ҳаяжон ва фахр билан гапирди.
Бахромжон Ибрагимов,
ТДТУ Машинасозлик факультети
Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини.