Жаҳон олимпиадасида жуда катта ютуққа эга бўлдик. Хурсандчиликдан ҳаяжонда юрибмиз. Бу — Ўзбекистон шахмат тарихида узоқ кутилган шонли ғалаба.
Энциклопедияларда шахматнинг ватани сифатида Ҳиндистон эътироф этилади. Унинг пайдо бўлиш тарихи XVI аср билан белгиланади. Ваҳоланки, бизнинг ҳудудимизда 2400 йиллик тарихга эга шахмат доналари топилган. Мен умумжаҳон шахмат федерациясига ёзма равишда “Шахматнинг ватани Ўзбекистон”, деган таклифни киритдим. Бу масала яқин фурсатларда кўриб чиқилади ва ўйлайманки, бу борада Ўзбекистон шахмат ватани номини олади.
Қувонарлиси, ёшларимиз шахматнинг ватани Ўзбекистон эканини, юртимизда унинг ривожланиши катта босқичда эканлигини бутун дунёга ақл-заковат, матонат ва мардлик билан исботлашга ҳаракат қилди ва ғолиб деган номга сазовор бўлди. Фидойи шахмат мураббийлари, ота-оналар, бутун халқимизнинг хурсандчилиги чексиз.
Телевидение ва радио орқали ҳар бир тур бўйича жонли мулоқотлар, шарҳлар ташкил этиб борилди. Ҳар бир кун якунини бутун халқимиз қувонч билан кузатди. Ўзбекистон терма жамоаси 11 тур давомида умуман мағлубиятга учрамади. Бу, биринчидан, назарий жиҳатдан катта тайёргарлик кўрилганини билдиради, иккинчидан, амалий томондан йигитларимиз ўз тажрибасини намоён эта олди. Дунёнинг энг кучли шахмат усталари устидан зафар қучган ягона жамоа бўлди. Биз ғалабага ишонардик ва у рўёбга чиқди.
Энг оғири Нидерландия жамоаси билан ўйин бўлди. Гарчи ғалабага ишончимиз комил, рақиб жамоа ўйинчилари катта натижа қайд этмаган бўлса-да, бизникилар арзимаган хато билан шунча қилинган меҳнатни зое кетказиб қўйишидан чўчидик. Бироқ ёшларда ғалабага интилиш кучли бўлди. Чемпионларимиз йиллар давомидаги меҳнатига яраша ғалабага эришди.
Шу ўринда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевни тарихий ғалаба билан табриклайман. Чунки давлатимиз раҳбари шахматчилар билан охирги учрашувида уларга катта ишонч билдириб, ғалабаларга руҳлантирди. Катта куч берди. Бу шахматчиларимизнинг ҳар бир ҳаракатига заминдек бўлди. Моддий ва маънавий рағбатлар ўз кучини кўрсатди.
Баҳодир Умурзақов,
Ўзбекистон Шахмат федерацияси вице президенти,
Ўзбекистон шахмат устаси.