2021 йилда мамлакатимиз ўз мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлаган бўлса, Ҳиндистоннинг истиқлолга эришганига 75 йил тўлди. Мақолани икки давлатнинг мустақиллик саналари билан бошлаганимиз бежиз эмас. Мустақилликка эришганимиздан сўнг икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар янгича тус олди, жадал ривожланди.
Ҳиндистон мустақиллигимизни биринчилардан бўлиб тан олган давлат ҳисобланади. Мамлакатларимиз ўртасида дипломатик алоқалар йўлга қўйилиши эса, 1992 йилнинг 18 мартида Тошкентда имзоланган баённома билан боғлиқ. Ҳиндистонда ўша йили очилган Ўзбекистон Республикаси Консулхонаси 1994 йилда элчихонага айлантирилди. Ўз навбатида, 1988 йил август ойида пойтахтимизда очилган Ҳиндистон Бош консуллиги ҳам 1992 йилда элчихона мақомини олди.
Ўзбек-ҳинд муносабатлари қадимдан дўстоналик касб этиб келади. Абу Райҳон Беруний “Ҳиндистон” асарида ҳинд халқи табиати, тарихи, фалсафий ва диний қарашлари, шунингдек, турмуш тарзи ҳақида ёзиб қолдирган. Буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асари ҳам бу азалий ришталар тарихини очиб беришда қимматли манба ҳисобланади.
— Мамлакатларимиз маданияти бир-бирига ғоят ўхшаш, XV-XVI асрларда кўплаб ўзбеклар Ҳиндистонга бориб, юртимизда қолиб кетишган, — дейди ушбу мамлакатнинг юртимиздаги элчихонаси қошидаги Ҳинд маданият маркази раҳбари профессор Чандра Шекхар. — Ҳар йили маданият марказимиз ташкил топган санани кенг нишонлаймиз. У 25 ёшга тўлганида Ҳиндистон маданий алоқалар кенгаши раиси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташриф чоғида жуда кўп маҳаллий вазирлар билан ўзаро музокаралар олиб борди. Бу, албатта, Ўзбекистон ҳукуматининг Ҳиндистонга бўлган юксак ҳурматидан далолат. Қолаверса, ўзбек дўстларимиз жуда меҳмондўст ва инсоний қадриятларни ғоят эъзозлайдиган халқ. Бу уларнинг ниҳоятда тарбияли ва маданиятли эканини англатади. Бутун мамлакат тинчликка, севгига, ўзаро муҳаббатга ишонади. Президент Шавкат Мирзиёев эса, ташқи сиёсатда дунёдаги барча мамлакатлар билан дўстона алоқалар, ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришни одилон йўл ҳисоблайди. Ўзбекистонда дунё халқлари, жумладан, ҳинд адабиёти, маданияти ва санъати ҳам жуда қадрланади, тарғиб қилинади. Булар бари давлатнинг юксак инсонпарварлик сиёсатидан дарак беради.
Ҳинд маданият маркази раҳбарининг гапларида жон бор. Дарҳақиқат, юртдошларимиз орасида Ҳиндистонга бориб келганлар талайгина. Албатта инсон қайси мамлакатга қай бир сабаб билан бормасин, табиий равишда ўша жойнинг урф-одати, маданиятига гувоҳ бўлади, айрим жиҳатлардан ҳайратланади, ўрни келганда қувонади, ўрганади.
Лаъл Баҳодур Шастри номидаги Ҳинд маданият марказида бўлганимизда, ўзбекистонлик талаба қизлар, аёллар ҳинд куй-қўшиқлари, рақсларини ўрганаётганига гувоҳ бўлдик. Марказда бундан ташқари йога машғулотлари, табла, ҳинд тили дарслари ҳам мунтазам олиб борилар экан. Хусусан, йога машғулотларига қатнашиш борасида талабалар учун қулайлик шуки, бунда вақт катта аҳамиятга эга эмас. Акс ҳолда йогадан эрталаб, тушда, кечқурунги вақтда шуғулланилса ҳам бир хил самарага эришилмасди. У билан доимий равишда шуғулланиш эса, ички органларни машқ қилдиришга ёрдам бериши билан аҳамиятли. Йога, шунингдек, овқат ҳазм бўлишини яхшилаши, организмдан токсинлар чиқиб кетишини кучайтириши билан ҳам соғломлаштириш бўйича ноёб тизим ҳисобланади. Энг муҳими, йога — соғлом турмуш тарзини юритишга ёрдам беради. Шунингдек, унинг инсон руҳиятида ҳам ўз ўрни борки, у ўз ички дунёнгизга кириш ва ўзингизни яхши англаб етишда муҳим омил бўлади. Айниқса, тушкунликдан чиқиш, хотиржам ва мулоҳазали бўлишда ундан фойдаланиш яхши натижа беради. Шу маънода ўтган йилнинг июнь ойида маданият вазирлиги билан ҳамкорликда бир ҳафталик онлайн курслар ўтказилгани бежиз эмас.
Ўзбекистон давлат Консерваторияси ва Тошкент дизайн технология коллежида ташкил қилинган курсларга Аҳмадободдаги энг машҳур мусиқачи Сунира Каслива ҳам жалб этилди. Унинг мусиқа асбоблари юзасидан ўтган маҳорат дарслари, куйлаб берган қўшиқлари ўзбек талабаларида ҳинд маданиятига қизиқишни янада оширгани аниқ. Шунингдек, ўзбек дизайнерлари, мусиқачилари, рассомлари ҳам маҳорат дарсларидан кўплаб маълумотлар олиш баробарида, ўзаро тажриба ҳам алмашдилар. Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, Сунира Каслива Ўзбекистонга 2005 йилда ҳам ташриф буюрган.
Бугун Ҳиндистон билан нафақат маданий соҳада, балки илмий соҳада ҳам фаол ҳамкорлик олиб бориляпти. Буни Ҳинд маданият марказининг юртимиз олийгоҳлари билан илмий ҳамкорлиги кўлами тобора ортиб бораётганида кўриш мумкин. Хусусан, Тошкент давлат Шарқшунослик университети билан доимий алоқалар ўрнатилган. Университетда алоҳида Маҳатма Ганди маркази, 5 та факультет очилган. 1961 йилда университетнинг таниқли ўқитувчилари Тошмирза Холмирзаев ва Суръат Мирқосимов Ҳиндистонда таҳсил олишган. Суръат Мирқосимов Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги биринчи элчиси бўлган. Ҳозирда иккиси ҳам университетда фаолият олиб боришади. Мамлакатларимиз ўртасидаги илмий алоқаларга алоҳида эътибор берилаётгани икки давлат раҳбарларининг тўғри сиёсат юритаётганини бугун илмий натижалар кўрсатиб турибди. Бу борадаги ҳамкорлик Тошкентда Ҳиндистондаги Амити ва Андижонда Шарда университетлари филиали очилиши билан янги босқичга кўтарилди. Тошкентда дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технопарки иш бошлади.
Ҳиндистонда ҳам ўзбек тили ва маданиятини ўрганишга бўлган қизиқиш юқори экани Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси кўмагида Жамия Миллия Исломия университетида ўзбек тили ва маданияти бўлими очилганида ўз аксини топди. Деҳлида Ҳиндистон – Ўзбекистон дўстлик жамияти фаолияти қайта тикланди.
IT, компьютер соҳаси анча ривожлангани учун Ҳиндистонга борган ўзбек талабаларининг келажакда Ўзбекистонга келиб, замон талабларига мос, янгича услубларда фаолият олиб бориши ҳаммамизни қувонтиради, албатта. Айи пайтда ташаббус билан чиққан Самарқанд ва Бухоро давлат университетларида ҳам ҳинд тили ўқитиляпти. Грант асосида ўзбек талабаларини Ҳиндистонга бепул билим олишга юбориш 1991 йилдан буён мунтазам йўлга қўйилган. Мустақилликдан аввал ҳам шарқ олимлари ҳинд тилини ўрганиш учун Ҳиндистонга бориб, тадқиқотлар ўтказишган. Ҳозирда 2000 га яқин ўзбек талабаси ушбу мамлакатда таҳсил оляпти.
— Биз жойлардаги, асосан, олийгоҳларда очилган филиалларимизга кўмаклашамиз, улар эса, мустақил фаолият юритишади, — дейди Чандра Шекхар. — Улар билан ҳомий сифатида ҳамкорлик қиламиз, китоблар, смарт доскалар, компьютерлар билан таъминлаймиз.
Дарҳақиқат, Ҳинд маданият маркази томонидан олийгоҳларимизда ташкил этилган филиалларга ҳинд тили, маданиятини ўргатиш борасида кераклича амалий ёрдам кўрсатиляпти. Хусусан, Урганч давлат университитетида таҳсил оладиган, ҳинд тилини ўрганишга иштиёқманд талабалар яқиндагина университетга Марказ томонидан 400 дан зиёд китоблар етказиб берилганидан хурсанд. Бухоролик, қўқонлик кўплаб педагоглар ва талабалар ҳам марказ фаолиятидан миннатдор.
Ҳиндистон билан таълим борасидаги ҳамкорлик ҳақида гап кетганда, тахминан 60 йилдан буён ҳинд тили ўргатиб келинаётган пойтахтимиздаги 24-умумтаълим мактабини алоҳида тилга олиш жоиз. Мактаб собиқ иттифоқ давридан ҳинд тилига ихтисослашган бўлиб, бу ерга Лаъл Баҳодур Шастрининг ҳайкали ҳам ўрнатилган. Кейинги йилларда мактабда ҳинд тили дарслари олиб ташланиб, умумий ўрта таълим мактабига айлантирилган эди. Вазирлар Маҳкамаси қарори билан мактабнинг яна ҳинд тилига ихтисослашгани ўзбек-ҳинд муносабатларини янада ривожлантиришнинг амалдаги бир кўринишидир. Зеро, ушбу таълим даргоҳида ўзбек болаларига ҳинд тили Ҳиндистон маданиятини севувчи ва шарқшунос олимлар томонидан ўргатилган ва айнан уларнинг ташаббуси билан мактаб ҳинд тилини ўргатишга чуқурлаштирилган.
Умуман олганда, Ҳиндистон билан ҳамкорликни ривожлантириш мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экан, ҳинд биродарларимиз билан дўстона алоқаларимиз тобора мустаҳкамланиб бораверади. Нафақат маданий ёки илмий соҳада, иқтисодий соҳадаги қатор ҳамкорликлар ҳам янада ривож топаверади. Бугунга келиб Тошкент билан ушбу мамлакатнинг бир нечта шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг ортиб бораётгани, Ўзбекистон–Ҳиндистон савдо уйи, тадбиркорликни ривожлантириш маркази пойтахтимизда фаолият олиб бораётгани фикримиз далилидир. Чунончи, Бобурийлар даврида 13 та савдо карвон йўллари орқали бир-бири билан мустаҳкам алоқа ўрната олган икки давлатнинг бундан кейинги кенг кўламли алоқалари ҳам хайрли, истиқболли бўлади. Бу борада эса, Ҳинд маданият маркази ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишда давом этади.
Муножат Мўминова,
“Янги Ўзбекистон” мухбири