2020 йил 22 декабрь куни “ШҲТ маконида интеграция жараёнларини ривожлантириш учун янги туртки” мавзусида халқаро онлайн давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати хабар берди.

Давра суҳбати Шарқ мамлакатларини ўрганишда асосий тадқиқот ва ўқитиш маркази бўлган Тошкент давлат шарқшунослик университети томонидан ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон парламенти аъзолари, етакчи маҳаллий ва хорижий экспертлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази ходимлари, шунингдек маҳаллий ва хорижий олий ўқув юртлари олимлари ҳамда ўқитувчилари иштирок этди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев иштирок этди ва сўзга чиқди. Унинг таъкидлашича, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти пайдо бўлиши мамлакатларимиз ўртасида барқарор ҳамкорлик механизмларини ва доимий сиёсий мулоқот майдонини яратишга бўлган интилиш билан изоҳланади. Бошқача айтганда, ШҲТ улкан минтақада яшовчи халқларнинг ҳозирги замон таҳдидларига биргаликдаги жавоби бўлди ва ҳозир ҳам шундай.

Минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари ШҲТ кун тартибидаги устувор вазифа ҳисобланади. Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёев ташкилотнинг сўнгги саммитидаги нутқида минтақада зиддиятли ҳудудлар ҳали ҳам сақланиб қолганини таъкидлаган эди.

Бошиданоқ ШҲТни реал ҳаракат ташкилотига айлантириш интилиши пайдо бўлган эди. ШҲТ ўз фаолиятида барқарор иқтисодий ривожланишсиз, ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ҳал этмай туриб, мустаҳкам барқарорлик ва хавфсизликка эришиш мумкин эмаслигини тушуниб етди.

Минтақавий иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш учун шарт-шароитлар яратиш ушбу ташкилотнинг кун тартибида тобора кўпроқ ўрин эгалламоқда. Минтақа миқёсида йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун ташкилий, ҳуқуқий ва молиявий имкониятлар босқичма-босқич шакллантирилмоқда.

Марказий Осиёни энг йирик денгиз портлари ва жаҳон бозорлари билан боғлайдиган юқори талабга эга транспорт лойиҳаларини амалда рўёбга чиқариш ШҲТнинг энг муҳим устувор йўналиши ҳисобланади.

Шундай қилиб, ШҲТ тобора минтақани ривожлантирувчи ташкилотга айланиб бормоқда.

Ташкилот олдида турган вазифаларни муваффақиятли бажаришнинг асосий кафолати – ҳамкорлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, принциплар ўхшашлигини, асосий муаммоларга бир хил ёндашишни таъминлашдир. Бунда ШҲТга аъзо давлатларнинг парламентлараро ҳамкорлигини ривожлантириш муҳим роль ўйнайди.

Давра суҳбати доирасида Марказий ва Жанубий Осиёнинг минтақавий ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш нуқтаи назаридан ШҲТ доирасида ҳамкорликни, шу жумладан кўп томонлама маданий ва халқ дипломатиясини, давлатлараро муносабатларни чуқурлаштириш, хавфсизликни таъминлаш истиқболлари, шунингдек гиёҳвандликка қарши курашиш ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш мавзулари кўриб чиқилди.