Конференциядан кўзланган асосий мақсад – Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда хотин-қизларнинг ролини ошириш масалаларини муҳокама қилиш, тажриба алмашиш ва жамиятда ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда уларнинг иштирокини рағбатлантириш, шунингдек, ШҲТ мамлакатларида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш борасида қонунчилик нормаларини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш ва ўрганишдир.
Тадбирда иштирокчилар Ўзбекистонда гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганини таъкидладилар. Республикада 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқланган, хотин-қизларнинг мавқеини ошириш бўйича мустаҳкам қонунчилик базаси яратилгани, уларни раҳбарлик лавозимларига кўтариш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш ва хотин-қизларни гендер зўравонликдан давлат томонидан ҳимоя қилиш бўйича мақсадли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Иштирокчилар ШҲТга аъзо мамлакатлар ҳукуматларининг изчил ташаббуслари, хотин-қизлар ташкилотлари ва ёшлар ҳаракатларининг фаол иштироки туфайли хотин-қизлар ҳамкорлиги, шу жумладан, мунтазам ўтказиладиган ШҲТ аёллар форумларида фаоллашаётганини таъкидлади.
Конференцияда хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими фаолиятига доир давлат сиёсати ва қонунчилик асосларини такомиллаштириш бўйича ўзаро тажриба алмашиш ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни янада чуқурлаштиришга эътибор қаратилди. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида ШҲТга аъзо мамлакатларнинг илғор тажрибаси ва инновацион ёндашувларидан кенг фойдаланиш бу йўналишда муҳим пойдевор бўлиши алоҳида таъкидланди.
Тадбир давомида Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда хотин-қизларнинг ролини ошириш бўйича тажриба алмашилди, эришилган натижалар тўғрисида, шунингдек, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш масалалари юзасидан конструктив фикр алмашилди. Тадбирда экспертлар кўмагида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги иштироки бўйича хорижий тажриба таҳлил қилинди. Хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқлилиги, уларнинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда ҳар томонлама иштирок этиши ШҲТга аъзо мамлакатлар ҳукуматлари томонидан мамлакатларни иқтисодий ривожлантириш, ШҲТ давлатларида жамиятни демократлаштириш ва барқарорлигини таъминлашнинг устувор шартларидан бири сифатида қаралмоқда.
Конференция якунлари бўйича хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, аёллар етакчилиги ва тадбиркорлигини самарали рағбатлантириш, барқарор мулоқотни таъминлаш, ШҲТ маконидаги ҳамкорлик қилиш бўйича янги лойиҳа ва дастурларни тайёрлаш учун асос бўладиган тегишли тавсия ва таклифлар ишлаб чиқилди.