Улар Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университетида юртимизнинг бетакрор гўшалари, қадамжолари суратларини яратишмоқда. 

Жорий йилнинг 15–30-июль кунлари мазкур рассомларнинг юртимиз бўйлаб саёҳатлари ҳам ташкил этилди. Жумладан, рассомлар Бухоро ва Жиззах вилоятларига саёҳат қилишди. 

Дастлаб, 21–22-июль кунлари 14 нафар хорижлик рассомдан иборат ижодий гуруҳ Бухорода бўлди. Саёҳат давомида рассомлар Бухоронинг эски шаҳар қисми ва ҳунармандчилик марказларида бўлиб, қадимий маданий мерос обектларини кўздан кечиришди.

25-июль куни эса ижодий гуруҳ Зомин туманига ташриф буюрди. Рассомлар Зоминда “Келажак Касблар” мактаби, Хотира майдони, Нуронийлар маскани, "Маърифатли" жоме масжиди каби бир қатор масканлар билан танишишди.

Зоминнинг гўзал табиати ва тоғ манзаралари ижодий гуруҳда ижобий таассурот қолдирди.

— Тоғнинг энг юқори чўққисига чиққанимизда ҳам йўлларнинг равонлиги бизга жуда маъқул келди. Бу ерда сайёҳлар учун барча шароитлар яратилган, — деди Тожикистон давлатидан келган рассом Фаррух Негматзаде. — Зоминнинг бетакрор табиати, зилол сувлари, гўзал арчалари кайфиятимизга янада кўтаринкилик бағишлади.

Маълумот учун, хорижлик рассомлар томонидан яратилган юртимизнинг бетакрор қадамжолари суратлари ШҲТ саммити доирасидаги кўргазмада намойиш этилади.