Юқори даражали учрашув мамлакатимизнинг ШҲТга раислиги доирасида, шунингдек, Ёшлар кенгашининг аъзо давлатлардаги масъул вазирлик ва идоралари раҳбарлари бошчилигидаги делегациялар, ШҲТ ва Ёшлар кенгаши котибияти иштирокида бўлиб ўтди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти нуфузли халқаро ташкилотлар орасида муносиб ўрнига эга. Шунингдек, тузилма минтақавий ва глобал миқёсда хавфсизлик, барқарорлик ва изчил ривожланишнинг таъсирчан омили бўлиб хизмат қилмоқда.

Йиғилишдан мақсад ҳам бугунги ахборот асри ҳамда глобаллашув жараёнида ривожланаётган мамлакатлар қаторида ШҲТ давлатларининг иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан ўсиши ва тараққий этишида ёшларнинг ролини ошириш, бу борадаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.

— Тадбир мамлакатимизнинг ШҲТ Ёшлар кенгаши фаолиятидаги иштирокини янада фаоллаштиришга хизмат қилади, — деди Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев. — 30 ёшгача бўлган ёшлар сони аҳолининг 55 фоиздан ортиғини ташкил этаётган мамлакатимизда ҳар бир йигит-қизнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун кенг кўламли ишлар бажарилмоқда.

Ўзбекистон аҳолисининг катта қисмини навқирон авлод вакилларидан иборат эканини инобатга олган ҳолда, ёшлар бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масаласи биринчи ўринга чиқади. Бу борада иккита муҳим тизим — “Ёшлар дафтари” ва ёшларга оид дастурлар муваффақияти эътироф этилмоқда. Бунинг натижасида бугун 6 миллион ёшнинг бандлигини таъминлаш, 15 миллиондан ортиқ ўғил-қизнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича алоҳида ишланмоқда.

Ёшларнинг чет тилларни ўрганишини рағбатлантириш учун халқаро имтиҳонларда юқори балл олган ёшларга компенсация тизими жорий этилди. Хорижда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ёшлар билан доимий мулоқот ўрнатиш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ташкил этилгани ёшлар билан ишлашда муҳим ўрин тутади.

Бу йилдан бошлаб маҳаллаларда ёшлар етакчилари кўмагида навқирон авлод билан ишлашнинг янги тизими амалиётга фаол татбиқ этилмоқда. Ҳозир юртимиздаги маҳаллаларда қарийб 10 минг нафар ёшлар етакчиси бўлиб, агентлик ходимлари уларнинг фаолиятига кўмаклашади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар ёшлар етакчилари ўртасидаги фаол мулоқот ёшларнинг энг долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларини муҳокама қилиш учун янги имкониятлар эшигини очади. Йиғилишда Ёшлар ишлари агентлиги директори бир неча таклиф билдирди.

— Ўзбекистон ШҲТга аъзо мамлакатларда таҳсил олаётган талабаларни қўллаб-қувватлаш амалиётини таклиф қилиш ва илгари суришга тайёр, — деди А.Саъдуллаев. — “ШҲТга аъзо давлатлар ёшлари ўртасида “Энг яхши стартап лойиҳаси” кўрик-танлови Тошкент шаҳрида муваффақиятли ўтказилганини ҳисобга олиб, ушбу танловни ҳар йили ёшлар стартаплари форуми шаклида ўтказишни таклиф этамиз. Шунингдек, бу йил Ўзбекистон ва Қозоғистон ёшлари қурултойини Тошкент ва Бухоро шаҳарларида юқори савияда ўтказиш ташаббусини илгари сурамиз. ШҲТ доирасида шахматни янада оммалаштиришда мамлакатларимиз саъйҳаракатларини бирлаштириш, тузилма доирасида халқаро шахмат турнири ўтказиш таклифини билдирамиз.

Тадбир иштирокчилари ташкилотга аъзо давлатлар иқтисодий ва ижтимоий тараққиётида навқирон авлоднинг ўрни ва ролини ошириш масаласини муҳокама қилди.

— Коронавирус пандемияси кўплаб, жумладан, ШҲТ давлатларининг ижтимоий-иқтисодий фаровонлигига катта зарар етказди, — деди Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Чжан Мин. — Инқироздан ёшлар ҳам ўқиш ва малака ошириш нуқтаи назаридан анча жабр кўрди. Ҳозирги учрашув ҳар қачонгидан долзарб. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ёшлар масалаларига ҳамиша катта аҳамият беради ва уларни фаолиятининг устувор йўналишларидан бири деб билади.

Учрашув доирасида Ўзбекистон ташаббуси билан ўтказилган ШҲТ ёшлари ўртасида энг яхши стартап лойиҳалар танловининг финал босқичи ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими ташкил этилди.

Тошкент учрашувида ШҲТга аъзо мамлакатларнинг ёшларга яратилаётган кенг имконият ва мавжуд имтиёзлар ҳақидаги маърузалари тингланди. Шунингдек, иштирокчилар ёшлар соҳасидаги илмий-техникавий ҳамкорлик, ёш мутахассислар учун ўзаро тажриба алмашиш майдонини яратиш, уларнинг салоҳиятини ошириш каби долзарб йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашдилар.

Рисолат МАДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири