"Янги Ўзбекистон" дунёда ва мамлакатимизда кўзга яққол ташланиб қолаётган босма нашрлар инқирозидан ҳам чўчимади, балки таҳририят хизматини оқилона ташкил этди – барча саъй-ҳаракатини жамики соҳаларда кечаётган ислоҳот жараёнларини, ушбу жараёнларда эришилаётган ютуқларни қўллаб-қувватлашга қаратди.
Ҳар қандай нашр фаолияти асосан икки қисмдан ташкил топади, бу — нашрнинг айтар сўзи ва айтилаётган сўзга нисбатан муштарийлар муносабати.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда жадал давом этаётган ислоҳот жараёнлари ҳақида қанчалар кўп ва хўп сўз айтсак, шунчалар оз. Зеро, жойларда юз бераётган ўзгаришу янгиланишлар ўз йўлига, лекин уларнинг одамларимиз тафаккури, дунёқарашида қанчалар англаб етилаётгани ва, албатта, қадрланаётгани янада муҳим. «Янги Ўзбекистон» мазкур миссияни шараф билан адо этмоқда. Муҳими, қисқа вақт ичида ўз йўналиши ва мезонлари ижобати йўлида ҳормай меҳнат қилувчи ижодкор қалам аҳли фаоллари сафини шакллантиришга эришди. Газета саҳифаларида мавжуд зиёли қатламнинг энг кўзга кўринган, энг холис ва энг қалами ўткир вакиллари мунтазам чиқиш қилмоқда.
Мулоҳазали, таҳлилий чиқишлар кўпчилик эътиборини жалб этаётгани, жамиятда соғлом фикр ва қарашлар шаклланишига муҳит яратаётгани қувонарли, албатта.
Газета саҳифалари (неча саҳифа чоп этилишидан қатъи назар) бир қарашда шапалоқдек кўринади, лекин унинг сеҳри, куч-қудрати шу қадар бепоёнки, бағри шу қадар кенгки, у ўз саҳифаларига бутун дунёни сиғдириб юборишга қодир. «Янги Ўзбекистон» ана шундай мўъжизакор нашр бўлиб қолаверади, деб ўйлайман.
...Куннинг жиловидан тутиш мушкул замонда яшамоқдамиз. Начора, аммо-лекин ана шу шиддатли кунларимиз газетасиз ўтмаслигини, «Янги Ўзбекистон» билан шукуҳли, файзли ўтишини истаймиз.
Хуршид ДЎСТМУҲАММАД,
ёзувчи