Фуқаронинг Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 ягона ишонч телефонига қилган мурожаатида билдирилишича, у Қарши шаҳридаги Осиё бозоридан 9 млн 900 минг сўмга 220 дона шифер сотиб олган. Лекин томга қоқилгач, шиферлардан 66 таси дарз кетган.

Мазкур қурилиш материали “Қувасойшифер хризотил” МЧЖ ҚКда ишлаб чиқарилгани сабабли мурожаат ҳудудий тегишлилиги бўйича Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўрганиб чиқилган. Юзага келган ҳолат бўйича истеъмолчининг ҳуқуқлари кўрсатилган ҳолда корхонага ёзма равишда мурожаат қилинди.

Корхонадан 2022 йил 10 май санаси билан олинган 50-сонли жавоб хатида эса, истеъмолчининг мурожаати ўрганилиб, қаноатлантирилгани ҳамда у билан телефон орқали мулоқотда 90 дона шифер сифатлисига алмаштириб берилиши бўйича келишувга эришилгани маълум қилинди.

Шундан сўнг фуқаро А.Гулбоевдан ҳудудий бирлашма раҳбари номига ташаккурнома ҳам етиб келди. Мурожаат ўрганиб чиқилиб, истеъмолчи фойдасига ҳал қилиниши натижасида унга 4 миллион 50 минг сўмлик зарар етказилишининг олди олинди.

Фахриддин БОЙНАЗАРОВ,
ҳудудий бирлашма сектор бошлиғи