Ушбу танловлар хотин-қизларга кенг имкониятлар яратиш, уларнинг жамиятда сиёсий, ижтимоий, иқтисодий соҳалардаги вазифаларни ҳал қилишдаги фаоллигини кучайтириш, ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш, хотин-қизларнинг тадбиркорлик ва касбий маҳоратини оширишга хизмат қилади. 

Даставвал,  ушбу кўрик-танловларда иштирок этиш истагини билдирган 230 нафардан зиёд хотин-қизлар туман, шаҳар босқичларида муваффақиятли қатнашган бўлса, улар орасидан муносиблар саралаб олинди. 100 нафарга яқин номзодларнинг хужжатлари вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳузурида ташкил этилган комиссия томонидан шаффофлик асосида кўриб чиқилди.  

Натижаларга кўра, «Энг намунали тадбиркор» кўрик-танловида 1-ўринни Гурланлик тадбиркор аёл Манзура Машарипова, 2-ўринни Урганч шаҳридан Динорабегим Эшжонова, Хива шаҳридан 3-ўринни Райҳон Абдуллаева қўлга киритдилар.

– Фаолиятим давомида кўплаб ютуқларга эришган, аммо бу сафарги муваффақиятим мени бошқача руҳлантирди, — дейди тадбиркор Манзура Машарипова. — Боиси, илк маротаба ўтказилаётган янги танловнинг вилоят босқичидаги ғолиблик янада ғайрат-шижоат бағишлади. Ўзимга бўлган ишонч айниқса, ортди, Республика босқичида ҳам вилоятимиз шарафини ҳимоя қилиб, юқори шоҳсупани забт этишга астойдил интиламан.

«Энг намунали бошланғич ташкилот» танловининг вилоят босқичида вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бош акушер гинекологи Севара Жуманиёзова биринчиликка, вилоят прокуратураси бўлими бошлиғи Садоқат Рўметова иккинчи ўрин, Урганч давлат педогогика иниститути хотин-қизлар маслаҳат кенгаши раиси, филология фанлари номзоди доцент Аноргул Атажонова учинчи ўринга лойиқ кўрилди.

«Энг намунали мактабгача таьлим хотин-қизлар бошланғич ташкилот», «Энг намунали банк хотин-қизлар бошланғич ташкилоти», «Энг намунали Олий ўқув юрти хотин-қизлар бошланғич ташкилоти», «Энг намунали корхона хотин-қизлар бошланғич ташкилоти», «Ҳарбий қисм юрти хотин-қизлар бошланғич ташкилоти» номинатсияларида идора-ташкилотлар, корхоналарда фаолият юритаётган хотин-қизлар бошланғич ташкилотлари раислари тақдирланди.

Ҳар иккала кўрик-танловларда фаол иштирок этган опа-сингилларимизга Хоразм вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармасининг ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

 

Гулноза Умирова,

Хоразм вилояти Оила ва хотин-қизлар

бошқармаси матбуот котиби.