2020 йил Ширин шаҳар болалар-ўсмирлар спорт мактабининг академик эшкак эшиш базаси 2,5 миллиард сўм маблағ эвазига капитал таъмирланди.
Ушбу спорт базасида битта зал ва идора хоналари, 18х22 метр ўлчамдаги қайиқлар сақланувчи (элинг) хоналар, шу билан бирга ҳудудда жойлашган кузатув минораси ва сувда қайиқлар турадиган бандаргоҳлар таъмирланди.
Таъкидлаш керак, Ширин шаҳри спортнинг академик эшкак эшиш тури бўйича миллий терма жамоа таркибига спортчилар етиштириб берувчи асосий базалардан бири ҳисобланади. Осиё ўйинлари-2018 ғолиб ва совриндорлари Шаҳбоз Абдужабборов, Алишер Яров, Анатолий Краснов, Аргентинада ўтказилган ёшлар ўртасидаги Олимпия ўйинлари иштирокчиси Луиза Исмоилова каби истеъдодли спортчилар айнан Ширин шаҳридан етишиб чиққан.
Спорт иншоотининг тантанали очилиш маросимида вилоят ва шаҳар ҳокимликлари масъул ходимлари, шунингдек вилоят Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси раҳбарлари иштирок этиб, эндиликда бу маскандан маҳоратли спортчилар ҳамда юртимиз шарафини жаҳон ареналарида муносиб ҳимоя қиладиган ёшлар етишиб чиқишига умид билдирди, деб хабар беради Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.