Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги «Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижросидан келиб чиққан ҳолда туман марказига яқин «Шодлик» МФЙ нинг Дингак кўчаси «Шофиркон Жўйнав қурилиш» МЧЖ қурувчилари томонидан ўтган йили бир неча ойда сифатли қуриб фойдаланишга топширилган 5 қаватли муҳташам бино фикримиз далили.


Зарур инфратузилма — электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви таъминоти, иссиқлик, қолаверса, оқава тизимига эга бу уй икки ва уч хонали жами 30 та хонадонни ўз ичига олган бўлиб, айни пайтда оғир турмуш шароитида яшаб келган оилаларга ишчи комиссия ўрганиши ва хулосаси асосида берилгани мақсадга мувофиқдир.
— Норасида фарзандим билан ўз бошпанамиз бўлишини бир умр орзу қилиб келардим, ниҳоят, ана шундай ёруғ кунга етказганига минг шукур, – дейди ана шундай шинам хонадонлардан бирининг бекасига айланган Наргиза Шамсиддинова. — Кўзим ожизлигини инобатга олиб, менга биринчи қаватдан икки хонали уй беришди. Бундан ташқари, уй-жой сотиб олишда субсидия ажратилгани, бошланғич тўловда хонадон нархининг фақатгина 10 фоизини тўлаб, қолган маблағни 20 йилда бўлиб тўлаш имконияти яратилгани мен учун катта имконият ва ғамхўрлик бўлди.

Дарвоқе, ипотека кредити, қолаверса, давлат субсидияси асосида ажратилаётган бу уй тайёр ҳолда топширилаётгани, ошхона мебели, ҳаммоми, санитария узели шай қилингани унинг эгалари учун ҳам айни муддао. Мазкур уйнинг биринчи, иккинчи ва учинчи қаватларидаги 2 хонали квартиралар нархи 171 миллион сўмга, тўртинчи ва бешинчи қаватларидаги 2 хонали квартиралари 161 миллион сўмга, шу тарзда 3 хонали хонадонлар 221 миллион сўмга баҳолангани ҳам кам таъминланган оилалар учун берилган имконият эканини турар жой эгалари мамнуният билан тан олмоқдалар.

29 январь куни вилоят ҳокими Ботир Зарипов туман ҳокими Шукурулла Ҳакимов, жамоатчилик ҳамроҳлигида айнан Дингак кўчасидаги замонавий турар жойнинг фойдаланишга топшириш маросимида иштирок этди.

Оиласи учун шинам ва ёруғ бошпанага эга бўлган хонадон эгаларининг хурсандликларини сўз билан ифодалаш мушкул. Вилоят ҳокими Ботир Зарипов замонавий турар жой соҳиблари ва иморат қурилишида фидокорлик кўрсатган Носир Акрамов бошчилигидаги «Шофиркон Жўйнав қурилиш» МЧЖ жамоасини эришилган ютуқ билан самимий муборакбод этди. Таъбир жоиз бўлса, шу уйга кўчиб келган оилалардан бири Ҳамза Шодмонов хонадони мисолида қиймати 5 миллиард 750 миллион сўмга баҳоланган объект қурилиши ва ҳудуд инфратузилмасига баҳо берилди.

— Вилоят ҳокими хонадонимизга ташриф буюрганидан, биз билан дилдан суҳбат қуриб, ўй-ташвишимиз билан қизиққанларидан бошимиз осмонга етди, – дейди маҳаллий қурилиш-пудрат корхоналаридан бирида ишловчи Ҳамза Ширинов. — Шу кунгача ота уйимиз Талисафед қишлоғида оиламиз, икки фарзандимиз билан тўрт хўжалик бир ҳовлида яшаб, жуда сиқилишиб қолгандик.
Ниҳоят, мана шундай бахтга эришдик, бундан айниқса, болаларим онаси Гулҳаё Бозорованинг хурсандлигини айтмайсизми ?! Бизга берилган ана шундай имкониятни ҳалол меҳнатимиз, пешона теримиз билан албатта, оқлаймиз.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати