Меҳнат одамни боқади, тарбиялайди, улуғлайди, деганда беихтиёр ибтидоий замонлару тарихий кинолардаги ярим яланғоч авомларнинг тошу таёқлар билан баҳайбат момонтларни овлашлари ва инсониятнинг зинама-зина ўсишида меҳнатнинг хизмати нақар улканлиги эсга тушади. Сўнг, меҳнатсиз яхши яшаш, дуруст еб-ичиш, бежирим кийиниш даргумонлиги, мириқиб ишлаганларнинг эса роҳатланиб ухлаши, эртанги ҳаёт учун куч тўплашлари ўта бошлайди хаёлингиздан. Шу зайл меҳнатнинг қадри тўғрисидаги ҳикматлар қучоғида ҳақиқатлар дарёлари шарқираб оқиб ётганига амин бўласиз. Аммо, тану жонингиз саломат, етти мучалингиз бақувват бўлса-ю, ишлайдиган жой бўлмаса, нима қилмоқ керак? Мисол учун, деҳқон бўлсангизу далангиз, ишчи бўлсангизу корхонангиз, муаллим бўлсангизу мактабингиз, шифокор бўлсангизу шифохонангиз бўлмаса... Янаям теранроқ англайсиз, иш ўрни дегани инсоният тараққиётининг энг биринчи омили эканини. Айни чоғда, фуқаролари иш билан таъминланган мамлакатлар қанчалар тез ўсгани-ю, таъминланмаганлари нега жойида депсиниб, муаммолар гирдобида бўғилиб қолгани ҳам аён бўлади.
Бундай азобларнинг нима экани бизга – кечагина унинг тахир ва аччиқ таъмини тотиб кўрганларга айниқса, ойнадек равшан. Биз, ишсизлик – ночорликка, ночорлик – умидсизликка, умидсизлик – ишончсизлик ва ғазабга, ғазаб эса турли қинғирлигу ўғрилик каби иллатларга айланишини ҳам кўрдик. Ва... афсуслар бўлсинки, ҳали-ҳануз шу асоратнинг совуқ панжаларидан батамом қутилиб кетолганимиз йўқ.
Ишсизлик туфайли саҳродаги етим саксовулдай, поезд орқасидан мунғайиб қолган йўловчидай, чўл қаърига сингиб кетаётган жилғадай маҳзун қиёфаларга тез-тез дуч келиш мумкин эди яқин-яқинларгача кўча-кўйларда. Сўнаётган шам мисол хира эди уларнинг нигоҳлари. Не қиларин билолмай, тўда-тўда бўлиб ўзга юртларга мардикорликка кетаётганларнинг адоғи кўринмасди. Мўйлови энди-энди майса бўлаётган ёш-яланглар, қаноти остида уч-тўртталаб жўжалари бўлган эркаклар, муаллимлар, олимлар, ишчилар, ҳунармандлар - эҳ-ҳе, кимлар йўқ эди дейсиз уларнинг орасида.Уруш даврида қурол ишлатишни билмаган, ҳарбий дунё макрларидан бехабар йигитлар жанг майдонларининг энг оловли нуқталарига ташлангани сингари, касби-кори йўқ, хорижий тиллардан бехабар, Тўйтепадан нарини кўрмаган ёшлар мажбур эдилар ўзгалар эшигида қора юмушларни бажаришга. Шоирлар ёноғидаги бир дона қора холи учун Самарқанду Бухорони инъом қилгулик сулув қизлар, гўзал аёлларни айтмайсизми? Мунису мунир оналар-чи? Четдагилар тугул ўзимиздагилар, шу ердагилар-чи? Юраклар эзилиб кетмасмиди мардикор бозорларида мунгли кўзлари жовдираб турган қиз-жувонларни кўрганда? Эзиларди, қийналарди! Аммо, илож қанча? Тубсиз қудуққа тушиб кетган-у, на ечими, на иложи йўқдек эди гўё. Ҳамма изланиб, қидираётганга ўхшар, лекин дарак йўқ эди милтиллаган учқундан.
Шунинг учун бўлса керак албатта, Шавкат Мирзиёев президентлик вазифасини бажаришга киришган илк дақиқалардаёқ ишсизликни камайтириш давлат сиёсатининг бош бўғинига айланди. Янги иш ўринлари яратиш йўлида жамики ички ва ташқи имкониятлардан фойдаланишга киришилди. Катта-кичик корхоналар ташкил этилди, тадбиркорлар, фермерлар, ишбилармонлар йўлидаги тўсиқлар олиб ташланди, баланд парвоз учун мовий йўлаклар очиб берилди уларга. Хорижлик инвесторларнинг келиши кўпайди. Мамлакатнинг қатор шаҳар ва қишлоқлари қурилиш майдонига айланиб кетди. Аммо, шунча сайҳаракатларга қарамай ишсизлик, камбағалчилик тугамади. “Темир дафтар” деган атама ана шундай мураккаб кунларда луғатимизга кириб келди. Бу дафтарнинг сирли- сеҳрли қудратини, у ҳадемай, миллион-миллион қалбларда умид машъалларини аланга олдиражагини, унинг кашфиётчисидан бошқа ҳеч ким билмас ва тўла-тўкис англамас эди ўша кунларда. Ҳатто, ҳозир тан олиб қайд этиш керакки, бу тағин нимаси, нима дегани бу – “Темир дафтар?”, дегувчилар ҳам мўл эди. “Темир дафтар”нинг ҳар саҳифаси юз минглаб қўли калта ватандошларимиз учун нажот қалъаларига айланиши, ростини айтаман, менинг тасаввуримга ҳам сиққан эмасди.
Вазифам юзасидан Президентимиз ўтказаётган айрим машварат ва видиоселектор йиғилишларида иштирок этаман. Эшитганларимни, улгурганимча дафтарга ёзиб бораман.
“Ишсизликни тугатиш – ҳар бир раҳбарнинг виждон олдидаги, имон-эътиқод олдидаги, миллат олдидаги ҳисоботи бўлиши керак, – деди селектор йиғилишларининг бирида давлатимиз раҳбари. – Мен, Ватан ва халқ олдидаги бурчимни виждонан бажаряпманми, деган савол кечаю кундуз қийнаши керак ҳар битта амалдорни. Бугундан бошлаб “Темир дафтар” ташкил қилинади. Даставвал Ўзбекистонда қанча ишсиз ва қанча камбағал борлигини аниқлаб, “Темир дафтар”га ёзамиз. Кейин уларни биттама-битта ўрганиб, ҳар бирига аниқ ёрдам берувчи “Йўл харитаси” яратамиз. Энди давлат хизматчилари кабинетни қўриқлаб ўтирмайди, кўчага чиқади, одамлар орасига киради, қишлоқма-қишлоқ, уйма-уй юради, кўради, муаммони ҳал қилиш чораларини излайди, дастур тайёрлайди. Давлат хизматчиларининг давлатга садоқати, ишсизликни камайтиришга қўшган ҳиссаси билан баҳоланади”.
Айтилган сўз – отилган ўқ. Отилган ўқ нишонга тегмаса, умидлар тош теккан чиннидек чил-чил синади. Яқин ўтмишда бот-бот дуч келдик бу ҳолатларга. Узилган умидларни пайвандлаш эса синиқ чинниларни бутлашдан қийин. Қийин юмушлар бошланди: масъуллар кабинетдан чиқди, катта амалдорлар пастга тушди. Ҳар кўча, уй, гузар, қишлоқ ёхуд маҳалла пою пиёда кезилди. 2020 йилнинг 30 июнида Президент муаммога эътиборни янаям кучайтириш бўйича яна битта янги қарорни имзолади. “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” номли бу ҳужжатда мамлакатдаги манзара аниқ-тиниқ кўрсатилган эди. Масала қанчалар мураккаблигини тасаввур қилиш учун биргина рақамни тилга оламан: 1 миллион 700 минг! Боқувчи-қаровчиси йўқлар, ногиронлар, камхаржлар, беморлар... Қисқаси, мана шунча аҳоли кўмакка муҳтож, дегани эди бу. Чет элларда эшикма-эшик юрганлар йўқ эди ҳали бу рўйхатда. Қарорга асосан, саноқли кунлар ичида юзлаб ишсизларгага иш, уйга муҳтожларга уй-жой, ерсизларга ер ажратиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди. 400 мингдан ортиқ кам таъминланганларга тезлик билан республика бюджетидан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди.
Муаммолар ичига чуқурроқ кириб борган сайин номи “Темир дафтар”га муҳрларганлар сони кўпайиб, яна бир ҳақиқат ошкор бўлиб қолди: аҳоли қатламлари орасида ёрдамга муҳтожларнинг энг кўпи аёллар эди.
Сўнгги уч йилда мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига қаратилган 24 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан иккита қонун, Президентнинг 6 та қарори ва фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 16 та қарори қабул қилинганига қарамай аҳвол ана шундай сўлғин эди.
Давлатимиз раҳбари таклифи билан “Темир дафтар”даги хотин-қизлар алоҳида ажратиб олиниб, “Аёллар дафтари” деган янги номдаги, янги дафтар ташкил қилинди. Ҳар бир хотин-қизнинг чин аҳволи қандай, у нимага муҳтож, унга ким, қайси идора ёки ташкилот ёрдам беради - белгиланди ва зарур маблағ, субсидия ва бошқа ёрдамлар кўрсатила бошланди. Худди, ўтган асрда Мирзачўлни ўзлаштиришда, аввал йўллар очилиб, ариқлар қазилгани, тракторлар келтирилиб, палаткалар тиклангани, умуман, барча шароитлар яратилганидан кейин чўлга ҳужум бошлангани сингари.
Ҳозир мамлакат тақдирида туб бурилиш ясашга асос бўлган мазкур заргарона усулни ўйлаяпман-у, ўйлаган сайин ҳайратлар қуршовида ҳайронлар қоляпман. Қизиқ, жаҳондаги мамлакатларнинг биронтасида бўлганмикан мана шундай ҳаётбахш йўл? Қанда келди экан дунёга бу кашфиёт? Ахир, қишлоқ ёки гузар тугул, ўз оиланг муаммоларини бир ёқли қилолмай гангиб қоладиган замонда, бундай зиёбахш йўлни топиш қанчалар ҳайратли! Қанча куч, ўйлов, чидам... ва буюк ватансеварлик, элсеварлик туйғулари жўш урмоғи керак бундай фазилатларга эга инсон қалбида! Хуллас, қават-қават булутларни ёриб, оламни зиёга кўмган қуёш сингари аста-аста яшнатиб, нурга чулғайверди. ўзбекюртнинг дашту далаларини бу кашфиёт.
Ишларни янаям шиддатлантирмоқ учун 2021 йил 5 март куни Президент навбатдаги қарорини эълон қилди. ”Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” номли мазкур ҳужжатга асосан, 15 март куни Республика хотин-қизлар жамоатчилик Кенгаши ташкил этилди. Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Кенгашга раис, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Қудратилла Рафиқов ўринбосар бўлди.
Кенгашнинг йигирмадан зиёд аъзоси бўлиб, уларнинг ҳар бирига алоҳида вазифа топширилди. Масалан, Молия вазирига хотин-қизлар муаммоларини ўз вақтида молиялаштириш; Соғлиқни сақлаш вазирига хотин-қизлар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишни ташкил қилиш, “Қизлар саломатлик марказлари”, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларидаги “Аёллар маслаҳатхоналари” фаолиятини тубдан яхшилаш; Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирига республикада, айниқса, чекка ҳудудларда хотин-қизларни касбга ўқитишни ташкил қилиш; Маданият вазирига ота-оналари узоқ муддатга хорижга чиқиб кетган, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ёлғиз аёлларнинг фарзандларини маданият ва санъатга қизиқтириш...
Кенгаш раисининг ўринбосари Қудратилла Рафиқов яқинда “Аёллар дафтари”даги хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказди. Шу ўринда мазкур йиғилишда қайд этилган қуйидаги рақамларга эътибор беришингизни сўрайман: “Аёллар дафтари”га киритилган 433 минг хотин-қиздан 90 фоизининг муаммоси қисқа вақтда ҳал қилинди.
Хусусан, 253 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизларнинг 209 минг нафарининг бандлиги таъминланди. 36 минг 394 нафар аёлнинг 82 фоизи касб-ҳунарга ўқитилди. 69 минг 877 хотин-қизнинг 70,4 фоизига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун кредитлар ажратилди. 15 минг аёлнинг 89,5 фоизига томорқадан самарали фойдаланиши учун кўмаклашилди. Қарийб 37 минг эҳтиёжманднинг деярлик ҳаммасига моддий ёрдам кўрсатилди. Ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган 1 ва 11 гуруҳ ногиронлиги бўлган 30 мингга яқин хотин-қизнинг 97 фоизи моддий қўллаб-қувватланди.
Уй-жойини таъмир талаб 1 гуруҳ ногиронлиги бўлган 4 мингдан зиёд аёлларга 62 миллион сўм ёрдам кўрсатилди. Нотураржойларда истиқомат қилаётган 9 минг 223 нафар хотин-қиздан 5 минг 101 нафарининг уй-жой шароити яхшиланди. Қарамоғида бир ва ундан ортиқ 1 ёки 11 гуруҳ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд 8 минг 112 нафар ёлғиз аёлдан 7 минг 649 нафарига ҳар томонлама кўмак берилди. Шунингдек, тиббий ҳимояга муҳтож 44 минг113 нафар хотин-қизнинг 96,5 фоизи тиббий кўрикдан ўтказилиб, ҳуқуқий ёрдамга муҳтож 24 минг 664 нафар аёлнинг 98,6 фозига ҳуқуқий, 23 минг 405 нафар хотин-қизнинг 99,3 фоизига психологик ёрдам кўрсатилди.
Шундай! Ҳозир Республикамизнинг барча ҳудудларида ижтимоий ҳимояга эҳтиёжи бор аёллар учун тизимли ишлар давом этаётир. Эътибор беринг, битта овул ёхуд маҳаллага эмас, ҳар битта инсонга масъуллар ажратилган, ҳар битта аёлнинг тақдири билан боғлиқ масалаларни ечиш йўллари белгиланган, зарур маблағлар ажратилган. Қаерда, ким кўрган ёки эшитган бундай мукаммал тизимни? Балки, “Янги Ўзбекистон” ҳам айнан шу нуқталарда кўрсатаётгандир янги жамолини? Балки, ўзимиз сезмаган ҳолда Учинчи Ренессанс пойдеворига дастлабки ғиштларни қўяётгандирмиз? Ахир, янгиланиш ёки Ренессанс осмондан тушиб, ердан чиқмайди-ку, тўғрими?
Яна бир муҳим жиҳат – эндиликда ҳокимликлар, фермерлар кенгаши, банклар аёлларга деҳқончилик қилишда, маҳсулотлдарини қайта ишлаш ва сотишда ҳар томонлама кўмаклашади. Дафтарга кирган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аёлларга кредит ажратишда эса Халқ банки билан бирга “Микрокредитбанк” билан “Агробанк” ҳам масъул.
Яна бир меҳрибонлик: ҳар бир ҳудуддан 30 нафардан, жами 420 нафар “Аёллар дафтари”дагиларни касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда бепул соғломлаштириш ишлари бошланди.
Чекка ҳудудлардаги 50 та туманнинг қишлоқларида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Аёллар гўзаллик салонлари” қурилмоқда. Тошкент шаҳрида “Ишга марҳамат” мономарказида бепул ўқитиш ишлари давом этаётир. Шунингдек, жорий йилнигг 1 майига қадар 1 500 нафар аёлнинг тарихий шаҳарларга саёти ташкил қилинди. Яна 50 минг аёлнинг мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига бепул саёҳатларини уюштириш режалаштирилган. Булар – амалга оширилаётган савобли ишлардан бир шингил, халос. “Темир дафтар”лар юз минглаб қизу жувонларнинг ҳақиқий сирдош, кўмакдош ва фикрдошига айланмоқда. Қанча ёшларга мададкор бўлди, қанча оилаларни турли қийинчиликлардан асради.
Ҳа, қувонч билан таъкидлаш мумкинки, “Темир дафтар”лар – Шоҳона дафтарларга, Шоҳона дафтарлар эса юз минглаб ёрдамга зор қалблар учун Нажот қалъаларига айланиб бораётир.
Шу сўзлардан сўнг мақолага нуқта қўймоқчи бўляпман-у, нимадандир кўнглим тўлмаяпти, нималардир ичимда қолиб кетаётгандай, нималарнидир бор бўй-бастини кўрсатолмагандай сезяпман ўзимни.
Ҳайратларим давоми шеърга айланиб бораётгандай:
Қанча синиқ қалблар ғамгин, паришон,
Сўниқ юлдузлардек эдилар хира.
Маҳзун лаҳзаларда элпарвар Ўғлон,
“Темир дафтар”ларни қилди ихтиро.
“Ёшлар дафтари” деб аталди бири,
Бошқаси - “Аёллар дафтари” бўлди.
Ҳадемай дафтарнинг саҳифалари,
Ўксук кўнгилларнинг дардига тўлди.
Худди эртакларда бўлгани мисол,
Сирли мўъжизалар бошланди шунда.
Довулга айланди саҳарги шамол,
Ой гўё қуёшга айланди тунда.
Қолмади на гузар, на кент, на қишлоқ,
Сурурга кўмилди дашту далалар.
Оловдек ярқираб ёнди қизғалдоқ,
Қирларни қоплади алвон лолалар.
Қутлуғ паноҳ бўлди қанча дилларга,
Қанча армонларнинг ювди шўрини.
Сочди қовжираган қанча гулларга -
Муҳаббат нурини, меҳр нурини.
Қанча булоқларнинг очди кўзини,
Дарёга айланди қанча ирмоқлар.
Султон кўчаларда кўрди ўзини,
Чимбосган сўқмоқлар, сағир сўқмоқлар.
Мағрур учаётир чўмиб нурларга,
Оппоқ кабутарлар - оппоқ каптарлар.
Нажот қалъалари бўлмиш уларга
Шоҳона дафтарлар - “Темир дафтар”лар.
Ҳадемай гулларга буркангай Ватан,
Гулларга буркангай тоғу тошгача.
Илло, ёшу қари бугун битта тан,
Бугун элдошларим шашти бошқача.
Ҳадемай сизга ҳам қолмас эҳтиёж,
Авлодлар эслашар, эҳтимол кулиб.
Сиз эса қолгайсиз бошингизда тож,
Бугунги кунлардан хотира бўлиб.
Кечаги “Темир дафтар”лар бугун шоҳона дафтарларга айланмоқда. Эҳтимол, вақти келиб, кунларнинг бирида “Темир дафтар”ларга ёдгорликлар ўрнатилар. Хўш, нима бўпти? Бутун бир миллат ва мамлакат жонига оро кираётган, ишсизсик балосидан қутилишига сабаб бўлаётган, нажот қалъаларига айланаётган муборак дафтарларга ҳайкаллар қўйилса нимаси ёмон?
Тўғрими?
Абдусаид КЎЧИМОВ,
ёзувчи