Сирдарёнинг ўнг соҳилида, Тошкент вилояти ҳудуди бошланадиган жойда бир замонлар гуллаб-яшнаган Шоҳруҳия шаҳрининг ҳаробалари сақланиб қолган. Ушбу шаҳарга Амир Темур ҳукумдорлиги даврида асос солинган. Дарвоқе, у дастлаб бошқача ном – Банокат деб аталган.
Банокат усталар ва шоирлар, қаҳрамонлар ва сайёҳлар шаҳри сифатида шуҳрат таратган. Буюк ипак йўлининг тармоқларидан бирида қулай жойлашган бу шаҳар X-XII асрларда Тошкент воҳасининг энг гўзал ва бой аҳоли истиқомат жойларидан бири бўлган. Унинг шон-шуҳрати Буюк ипак йўлидаги кўплаб шаҳар ва давлатларга кенг ёйилган. Банокатнинг пишиқ газмоллари, қимматбаҳо тошлар билан безатилган бежирим от-эгарлари жаҳон бозорларида довруқ қозонган. Кулолчилик ва безак-амалий санъат буюмлари ниҳоятда гўзал бўлган. Банокатни Тошкент минтақасининг иккинчи пойтахти деб бежиз аташмаган. Қорахонийлар давлати учун танга пуллар айнан шу ерда зарб этилган. Шунингдек, кўплаб шоиру сайёҳлар тўпланишган.
Чингизхон қўшинлари Ўтрорни ва шу атрофдаги бошқа шаҳару қишлоқларни тор-мор этиб, Банокатга ҳужум бошлагач, шаҳар аҳолиси бошига оғир кунлар келади. Банокат мудофаси тарихда алоҳида ўрин тутади. Уч кун давом этган даҳшатли қамал чоғида шаҳар аҳолиси мислсиз жасорат кўрсатди. Аммо, кучлар тенг эмас эди ва Банокат забт этилди.
Жасур Банокатликлар кўп сонли душманга қарши мардона курашадилар. Аҳолининг бир қисми тенгсиз жангда ҳалок бўлади, кўплар қатл этилади. Мўъжиза юз бериб, омон қолганлар Сирдарёнинг нариги соҳилига сузиб ўтиб, Моварауннаҳрнинг майда-йирик шаҳарларига тарқаб кетишади.
Эрксевар банокатликларни чўчитолмаган, руҳан енголмаган босқинчилар аламдан шаҳарга ўт қўйди. Ёнғин узоқ давом этди. Гўё Банокат ушбу даҳшатли ҳаёт уммонидан бутунлай йўқ бўлиб кетишни истамаётгандек эди.
Орадан бир ярим аср вақт ўтиб, Сирдарё соҳилидаги чангалзорга айланган бу тепаликка буюк ҳукмдор Амир Темурнинг қадами етди. У бир пайтлар эртаклардагидек гўзал шаҳар сифатида довруғ таратган бу шаҳар харобаларига узоқ тикилиб қолди. Гўё ҳукмдорнинг қалбига буюк тарих илиқлик пуркагандек бўлди.
– Бу ерда янги шаҳар бунёд этилади, – деди Темур.– У Шоҳруҳия дея аталади.
Шаҳарга Амир Темурнинг севимли ўғли, бўлажак буюк мутафаккир, астроном Мирзо Улуғбекнинг отаси Шоҳруҳ Мирзо номи берилади ва гўзал шаҳар тезда қад ростлади.
Шоҳруҳия карвонлар учун, илм билан шуғулланувчилар ва ижод кишилари учун маёққа, йўлчи юлдузга айланган. Шу билан бир вақтда у мустаҳкам шаҳар-қалъа, Амир Темур салтанатининг мамлакат шимолидаги муҳим ҳарбий-стратегик пункти, Тошкент воҳасининг Сирдарё бўйидаги истеҳкоми эди.