Ўзбекистонга баҳор халқимизнинг севимли шоираси Зулфия таваллуди санаси билан бир вақтда кириб келади. “Ҳар баҳорда шу бўлар такрор, Ҳар баҳор ҳам шундай ўтади”. Ўзбекистон халқ шоири Зулфия Исроилова 110 йил муқаддам баҳорнинг илк куни Тошкентдаги Ўқчи маҳалласида таваллуд топган.
“Бахтим шу — ўзбекнинг Зулфиясиман” дея миллатимизни авж пардаларда тараннум этган шоиранинг назмга, сўзга, адабиётга муҳаббати болалигида оиласидаги муҳит сабаб пайдо бўлган бўлса, ажаб эмас. Бунда, айниқса, онаси Хадичабегимнинг ўрни катта.
“Онамнинг қанчадан-қанча қўшиқ ва афсоналарни билишига ақлимиз бовар қилмасди. Бу сеҳрли афсона ва достонлар бизга бениҳоя ҳузур бағишлар, ўзига ром қилиб олар, ҳар сафар янги жилва касб этар эди.
Ҳозиргидек чароғон даврда яшаса, онам ё шоира, ё олима бўларди. Шунга аминманки, мўъжизалар яратишга қодир, жаҳонни кўзга кенг очувчи, инсонни гўзаллик сари етакловчи сўзга шайдолик ҳиссини менинг қалбимда мактаб кўрмаган ана шу онам уйғотганди”, деб ёзган эди адиба таржимаи ҳолида.
Зулфия вафот этган йили 25-26 яшар навқирон йигит эдим. Матбуот, хусусан, журналистика нонини тотаётганимга бир неча йил бўлганига қарамай, шоирани кўриш, бир зум бўлса-да, ҳамсуҳбат бўлиш, ўгит ва пандларидан баҳра олиш насиб қилмаган. Лекин у билан бирга ишлаган, она-бола, устоз-шогирд тутинган, шоиранинг этагидан маҳкам ушлаган сиймолар гурунгини, ширин хотираларини тинглаганман. У ҳақдаги битикларни назардан қочирмасдан кузатиб боришга ҳаракат қиламан.
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидовнинг 1984 йили ёзилган “Шоиранинг ҳаёт қўшиғи” мақоласида қуйидаги жумлаларга кўзим тушди: “Зулфияни шоир қилган ўз дардли қисмати ва бу дардли қисмат ҳақидаги самимий ва эҳтиросли нидоси. Улуғлардан бири айтган экан: “Шоирни изтироб яратади ва бу изтироб шеърият учун қувонч бўлади”. Бу сўзлар бус-бутун шоира Зулфияга тааллуқлидир. Шоирани дунёга келтирган улуғ изтироб ўз аксияти бўлган улуғ бахтни ҳам яратди. Бу улуғ бахт тўла тўкис халқ ва шеъриятникидир. Шеърият оламига ҳар бир ижодкор ўз қўшиғи билан кириб келади. Зулфия шеъриятга вафо қўшиғи билан кирди. Ва бу қўшиқ аёл садоқатининг юксак тараннумига айланди... Зулфия сингари сиймолар халқнинг бахти бўлиб яраладилар. Бу бахт, аввало, ўзбекники, Ўзбекистонники, сўнгра эса дунёники”.
Ўзбекистон Қаҳрамони, мунаққид Иброҳим Ғафуров эса бундай дейди: “Зулфиянинг сиймосида сўз билан ифодаланмаган, айтилмаган қимматлар чамаси, айтилган ва ифодаланганларидан беқиёс кўп. Уни ўртаган, қийнаган, оғир изтироблар исканжасига солган ҳоллар — уни эркалаган, шарафлаган, ардоқлаган, шеърият гултожини бошига кийдирган ҳоллардан кўпроқ эди.
Шодиёнада қайғу, қайғуда шодиёна омухта эди. Ва бунга ўша замонада чора, даво, халос йўқ эди. У “бирлик, биродарлик бор ерда юксалиш бор”, деб ўтди. Ва охирида: “Асл устозим — ҳаётнинг ўзи эди”, деди ва бахтиёр, беғубор, инжудай болалигига қайтди. Яна ўн етти ёшдаги ўз “ҳаёт варақлари”га тугал содиқ қолди. Қабариқ юлдуз болалигининг мусаффо осмонига кўтарилди”.
Олам таниган қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов ҳам Зулфияхоним ижодининг мухлиси бўлганини яширмайди. Унинг бир мақоласида қуйидагиларни ўқиш мумкин: “Ўзбек шоираси Зулфиянинг қутлуғ қадами туфайли Шарқ адабиётига санъаткор аёл кириб келди, ёш ва иқтидорли шоирлар бутун бир плеядасининг овози баралла янграй бошлади. Зулфия фақат ўз шеърларида гавдаланган тўла-тўкис аёл эмас, балки у мукаммал шахс ҳамдир. Ўз замонида шаклланиб, камолга етган шахс. Поэзия Зулфия учун ҳеч қачон шунчаки машғулот бўлган эмас”.
Журналнинг “эгаси”
Раҳматли бувим кирилл, лотин, эски ўзбек, араб ёзувларидаги битикларни бирдек мутолаа қиларди. Умрининг поёни — 84 ёшигача қўлидан газета-журнал, китоб тушмаган. Уйимизга кундалик газеталар қатори “Шарқ юлдузи”, “Муштум”, “Саодат” журналларининг ҳар бир сони узлуксиз келарди. Уларнинг биринчи ўқувчиси бувим, сўнг отам, кейин биз бўлардик.
Ёдимда: отам газеталарга обуна бўларди. Почтачи уларни ҳар куни эшигимиз тирқишига қистириб кетарди. Журналларни эса маҳалламиз гузаридаги — бувимнинг тили билан айтганда — “киёска”дан мен олиб келардим. Ой бошида бувим отамга “Ўғлингни “киёска”га ғизиллат, журналлар келгандир”, дерди. Бу — “пулини бер”, дегани эди. Мен келтирадиган журналлар орасида, албатта, “Саодат” ҳам бўларди.
10-11 ёшларда бўлсам керак, бир куни “Саодат”ни қўлимга олиб, муқовасидаги машҳур ҳинд актрисаси ва ички саҳифаларидаги “Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларининг Тошкент халқаро кинофестивали” ҳақидаги мақолага илова қилинган рангли суратларни узоқроқ томоша қилиб қолибман (Бу ёшда қайси бола мақола матнини ўқийди, фақат суратларни томоша қилади-да).
— Ҳадеб суратларга маҳлиё бўлавермай, ёзилганларини ҳам ўқисанг-чи, бола, — деди ёнимда бошқа нашрни назаридан ўтказаётган бувим. — Мана бу яхши мақолалар, шеърларни ўқисанг, ақлинг киради. Сенга келадиган “Ғунча”, “Гулхан”лар ўз йўлига. Бу журнал Зулфияхонимники-я! Мана, қарагин...
Бувим бармоғи билан кўрсатган жой — журналнинг охирги саҳифаси паст бурчагида “Редактор Зулфия Исроилова” деган ёзувга кўзим тушди.
— Буви, “редактор” нима дегани?
— Редактор шу журналнинг “эгаси-да”.
Шундан кейин “Бошқа нашрларнинг “эгаси” ким экан?” деб қизиқадиган бўлдим. Ёшим улғайгани, орадан 4-5 йил ўтиб, ўзим ҳам нималардир қоралайдиган бўлганим сайин газета ва журналларнинг нуфузида уларнинг “эгаси” катта аҳамият касб этиши, халқ, ўқувчи, муштарий меҳрига мушарраф бўлишида муҳаррир маҳорати ва жасорати етакчи ўринда эканини англай бошладим.
Шу маънода, ўша болалик чоғимда кўз очган тафаккур билан “Саодат”нинг узоқ йиллардан бери нафақат хотин-қизлар, балки халқимиз учун севимли бўлиб келаётгани замирида Зулфияхоним шахси мужассам, дегим келади.
“Кўзларимда ёнар жонли ўт”
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида мўъжизавий назм бўстони барпо этилган. Бу — муҳташам Адиблар хиёбони мажмуаси. Масканга келувчи илм аҳли, ижодкорлар, ёшлар, кексалар, бошқа касб эгалари теваракка ўзгача руҳ бахш этиб турган улуғ устозларимизнинг тафаккур дунёсига, маънавий мероси ва ҳаётига янгича қизиқиш, меҳру муҳаббат билан мурожаат қилади. Уларнинг ҳаёти ва ижоди мавзуси хиёбонда ўтказилаётган мушоира кечалари, маънавият соатлари, маҳорат дарслари, давра суҳбатлари, мусиқа оқшомларида баралла янграйди.
Бу ерга ҳайкали қўйилган улуғ адиблар қаторида Зулфияхоним ҳам бор. Адиба шеърларини халқимиз, ўзбек аёллари бағрига босиб, севиб ўқийди. Зулфияхонимга ўхшашни истайди, унга ҳавас қилади. Ёруғ, дардли сатрларидан ўз дардларига малҳам олади. Шоира ана шундай — сўз туфайли миллионлаб инсонлар қалбида муҳаббат уйғота олган.
Сўз буюк неъмат эканини шоира ижоди орқали, шогирдлари ва мухлисларига, келажак ёш авлодларга оташин муҳаббат ва ҳижрон азобини куйлашда чархланган ўткир қалами билан исботлади. 1944 йили халқимизнинг оташин шоири, ватан ва муҳаббат куйчиси Ҳамид Олимжондек умр йўлдошидан айрилди. Зулфиянинг турмуш ўртоғи хотирасига бағишлаб битган “Ҳаёт жилоси”, “Ўрик гуллаганда”, “Хаёллар”, “Соғиниш” ва бошқа тўпламларидан жой олган шеърлари туйғулар, фалсафий умумлашмалар ҳаётга муҳаббат руҳи билан суғорилган шеърлар туркумига киради.
Дейдиларки, сени кўрганда
Кўзларимда ёнар жонли ўт,
Ўша ўтнинг ёлқинларида
Сендан ўзга бор нарса унут.
Мудом дилга содиқ кўзларим
Ҳақиқатни кўмиши қийин.
Кўзларимда, қонимда кезган
Ўша севинч, ўша олов сен.
“Ҳаёт варақлари” номли илк китоби билан Ҳамид Олимжондек шоирнинг назарига тушган Зулфияхоним ўз дардларини ўзи елкалаган ҳолда ўзгалар бахтидан бахтли бўлиб яшади.
2017 йил ноябрида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Жиззах шаҳрида ижодкор жуфтлик ҳаёти, ижоди, фаолияти ва садоқати тимсоли сифатида атоқли ва истеъдодли шоирлар — Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг хотира музейи очилди. Шунингдек, вилоятда улар номидаги ижод мактаби ташкил этилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Кинематография агентлиги буюртмасига биноан 2022 йилда Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳаётига бағишлаб “Муҳаббат баҳори” бадиий фильми суратга олинди.
Орзулар ижобати
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, турли соҳада имкониятларини рўёбга чиқариши учун шароит яратиш, ижтимоий ҳаётда фаоллик кўрсатаётган хотин-қизларни муносиб рағбатлантириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аёлларга турли соҳаларда имтиёз ва имкониятлар яратиш учун кўплаб ташаббуслар амалга оширилмоқда. Бу ташаббуслар хотин-қизларнинг ижтимоий, иқтисодий, маданий ва сиёсий ҳаётда фаол иштирокини таъминлашга қаратилган. Имкониятлар рағбатга айланиб, барча соҳада хотин-қизлар улуши, фаоллиги ортиб бормоқда.
Жумладан, Зулфия номидаги давлат мукофоти таъсис этилиб, ҳар йили 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни байрами арафасида иқтидорли қизларга тақдим этилиши мана шу эътибордан дарак. Бу мукофот адабиёт, маданият, санъат, фан, таълим соҳаларидаги алоҳида ютуқлари учун берилади. Мукофот соҳибалари бўлган мактаб, лицей, коллеж ўқувчилари танлаган йўналиши бўйича олий ўқув юртларига имтиҳонсиз қабул қилинади.
2017 йилгача ушбу мукофот билан ҳар бир ҳудуддан 1 нафардан жами 14 нафар 14 ёшга тўлган ва 22 ёшдан ошмаган иқтидорли хотин-қиз тақдирланган бўлса, 2018 йилдан иқтидорли қизлар сафини кенгайтириш, фаоллигини ошириш мақсадида ҳар бир ҳудуддан 2 нафардан жами 28 иқтидорли хотин-қиз тақдирланмоқда ва ёш чегараси 22 ёшдан 30 ёшгача узайтирилган.
2024 йилда мазкур мукофот билан тақдирлаш жараёни янада такомиллашди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 7 февралдаги тегишли фармони билан хотин-қизлар ўртасида рақамли кўникмаларни шакллантириш, ахборот технологиялари соҳаси, жумладан, IT хизматлари кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқишдаги улушини ошириш, ахборот технологиялари йўналишида алоҳида ютуқларга эришган иқтидорли қизларни муносиб тақдирлаб бориш мақсадида ахборот технологиялари йўналиши 8-йўналиш этиб киритилди. Демак, 2025 йилда илк бора ахборот технологиялари йўналиши бўйича Зулфия номидаги давлат мукофоти муносибларга тақдим этилади.
Таъсис этилгандан буён шу кунга қадар мукофот билан ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган 452 иқтидорли хотин-қиз тақдирланган. Таъсис этилганига чорак аср бўлган мазкур мукофот соҳибаларининг бугунги кундаги фаолияти, ютуқлари ҳам салмоқли.
Биргина спорт йўналишида мазкур мукофот соҳиби бўлган Диёра Келдиёрова “Париж-2024” XXXIII ёзги Олимпиадаcида олтин медални, Светлана Осипова кумуш медални қўлга киритиб, Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очди. Шунингдек, яна кўплаб хотин-қизларимиз Осиё, жаҳон ва бошқа нуфузли халқаро мусобақа ва танловлар ғолиблари.
Бугун совриндорларнинг 20 нафардан ортиғи турли вазирлик, идора ва ташкилотларда турли раҳбарлик лавозимларида ишлайди. Мукофотга сазовор бўлганлар орасида маҳаллий кенгашлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари борлиги ҳам аҳамиятли, албатта.
Халқимизнинг ардоқли шоираси номидаги давлат мукофоти иқтидорли қизларимиз учун бетакрор рағбат, катта имконият бўлиб қолаверади. Зулфияхоним шоира, адиба, муҳаррир бўлиш қаторида улкан жамоат ва сиёсат арбоби ҳам эди. Халқ ишонч билдириб, депутат этиб сайлаган, ҳукумат эса республика хотин-қизлар қўмитасининг жамоатчилик асосидаги раиси ва бошқа масъулиятли вазифалар юклаган эди. Шоира, жамоат арбоби сифатида мамлакатимизнинг турли ҳудудида халқ билан учрашувларда, мулоқотларда қатнашди, қатор хорижий давлатлардаги халқаро анжуманларда иштирок этди.
Қисмат Шарқ аёлининг овозини жаҳон минбарига олиб чиқиш шарафи ва заҳматини Зулфияхоним зиммасига юклади. Аёл сифатида хотин-қизлар ҳаётида учраётган муаммолар, уларни қийнаётган масалаларга ечим топиш, ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга эришиш учун бор имкониятини ишга солди. Шоиранинг замон зайли билан ўша даврда уддаланмай, амалга ошмай қолган улкан орзулари бугун рўёбга чиқаётган бўлса, не ажаб.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири