Бу, ўз навбатида, ғуруримизни юксалтирадиган муваффақиятлар салмоғининг йилдан йилга ортишига сабаб бўлди. Айниқса, 2025 йилда спорт соҳасида қўлга киритилган натижалар Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрўси юксалиши, саломатлик ҳаракати кенг ёйилишида муҳим аҳамиятга эга.
Дарҳақиқат, ўтаётган йил спорт соҳасида мазмунан янги босқични бошлаб берган, тарихий ютуқлар билан ёдда қоладиган давр бўлди. Юртимизда спорт мактаблари, замонавий спорт иншоотлари фаолияти сифат жиҳатидан янги босқичга чиқиб, иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш учун мустаҳкам пойдевор яратилди. Ўзбек спорти тарихида қайд этилган натижалар миллий спорт мактабининг салмоқли салоҳиятини намоён қилди.
Шу билан бирга, бу йил оммавий спортни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилди. Аҳоли, айниқса, болалар ва ўсмирлар ўртасида спорт билан мунтазам шуғулланишга қизиқиш сезиларли даражада ортди, жисмоний фаолият одатий ҳаёт тарзига айлана бошлади.
Спорт вазирлиги маълумотига кўра, аҳолини соғлом турмуш тарзи, оммавий жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш мақсадида йил давомида ўтказилган 82 минг 45 та спорт мусобақаси ва тадбирларида
10 миллион 400 минг киши, жумладан, 4 миллион хотин-қиз иштирок этган.
Маҳаллаларда истиқомат қилувчи ёшлар ўртасида 5 босқичли “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ташкил этилган оммавий спорт мусобақаларида иштирок этиш истагидаги 7,3 миллионга (шундан 3,4 миллион нафари қизлар) яқин ёшлар 5tashabbus.uz сайти орқали электрон рўйхатдан ўтган. Уларнинг 6,6 миллион нафари ёки 78 фоизи оммавий спорт мусобақаларида иштирок этган. Маълумот учун: 2023 йилда 6,3 миллион, 2024 йилда 6,5 миллион ўғил-қиз оммавий спорт мусобақаларида қатнашган.
Мазкур спорт мусобақалари маҳаллаларнинг 16-30 ёшли аҳолиси ўртасида 13 та спорт тури — енгил атлетика, стол тенниси, воркоут, шахмат, шашка, армрестлинг, волейбол, стритбол, кураш, футбол, мини футбол, гандбол, гимнастрада бўйича 5 босқичда март-август ойларида ташкил этилди.
Соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслар хизмат жойлари, бошқарув тизимининг турли бўғинларида ҳам йўлга қўйиб борилди. Бу спортнинг кундалик ҳаётимиздаги ажралмас қисмга айланишига хизмат қилди.
Жорий йил апрель-май ойларида “Соғлом танда — сифатли таълим” шиори остида “Касаба уюшмаси кубоги” учун умумтаълим мактаблари ходимлари ўртасида мини футбол, волейбол, шахмат, шашка ва стол тенниси бўйича уч босқичли оммавий спорт мусобақалари ўтказилди. Уларда 10 мингдан зиёд мактабда фаолият юритаётган 280 минг ходим иштирок этди.
Шунингдек, жорий йилда вазирлик, идора ва ташкилотларнинг қуйи тизимдаги (туман, шаҳар) ходимлари учун алоҳида мусобақалар ўтказилди. Спортнинг 5 тури бўйича 2 босқичли спорт мусобақалари июль-август ойларида ташкил этилди. Мусобақаларда идора ва ташкилотларнинг 28 мингдан ортиқ ходими иштирок этди.
Илгари спорт соҳасида муаммолар қалашиб ётар, уларнинг аксарияти йиллар давомида тўпланиб қолган, соҳанинг барқарор ривожига тўсиқ бўлиб келган масалалар эди. Бугун эса ушбу муаммоларга юзма-юз қараб, уларни яшириш ёки кечиктириш эмас, балки изчил ва аниқ механизмлар орқали бартараф этиш йўли танланди. Натижада бошқарувдаги парокандалик, инфратузилмадаги етишмовчилик, кадрлар тайёрлашдаги нуқсонлар ва оммавий спорт билан юқори натижали спорт ўртасидаги узилишлар босқичма-босқич ўз ечимини топди.
Бир пайтлар айрим спорт турлари бўйича ўтказиладиган мамлакат миқёсидаги чемпионат ва расмий мусобақаларни биров билиб, биров билмай қоларди. Қайси спортчи қандай натижа қайд этгани мамлакат спорт нашрлари тугул, ҳудудлардаги спорт ташкилотларида, алоҳида спорт мактабларида, спорт таълими йўналишларида таҳлил этилмас, мониторинг ишлари ўлда-жўлда эди.
Бугун эса вазият тубдан янгича, тезкор, шиддатли кўринишга келди. Юртимизда спортчиларни рўйхатга олишнинг ягона электрон тизими жорий этилиши натижасида ҳозир нафақат Ўзбекистон чемпионати, балки ҳудудий мусобақалар, уларда қатнашаётган ёш спортчиларнинг натижалари тегишли спорт федерацияларида, таълим муассасаларидаги мутахассислар иштирокида кўриб чиқилмоқда, таҳлил этилмоқда. Спортчиларга унвон ва разрядларни бериш тизимида шаффофликни таъминлаш ишларида ижобий кўрсаткичлар қайд қилинмоқда.
Жорий йилнинг ортда қолган ойлари якунига кўра, мамлакатимиз бўйича умумий ҳисобда 27 минг 167 нафар разрядли ва унвонли спортчи тайёрланди. Шундан 26 минг 707 нафари разрядли, 460 нафари унвонли спортчилардир. Натижада улар сони ўтган даврга нисбатан 14,5 фоиз ошди.
Спорт йилномаси: сифат жиҳатидан янги босқич, янги даража
Кейинги йилларда кундалик турмуш тарзимизга “Беш ташаббус олимпиадаси”, “Олимпия чўққилари” каби ўнлаб атама ва тушунчалар кириб келди. Бу нафақат давлат ташкилотларида меҳнат қилаётган мутахассисларни, балки мамлакатимиздаги барча тармоқлар, аҳоли қатламларини ягона мақсад сари бирлаштиради.
Шу мақсадда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонда спорт орқали аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, халқаро майдонда рақобатбардош терма жамоаларни шакллантириш асосий мақсадлардан бири этиб белгиланган.
Жорий йилда олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари 250 дан ортиқ нуфузли халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этди. Хусусан, III ёшлар Осиё ўйинлари, VI Ислом бирдамлиги ўйинлари, шунингдек, олимпия спорт турлари бўйича Осиё ва жаҳон чемпионатлари, Осиё ва жаҳон кубоклари ва бошқа мусобақаларда 500 дан ортиқ спортчимизнинг иштироки учун зарур шарт-шароит яратилди.
Дзюдо, таэквондо WT, қиличбозлик, гимнастика, синхрон сузиш, сузиш, эркин кураш, аёллар кураши, юнон-рум кураши, академик эшкак эшиш ҳамда оғир атлетика бўйича миллий терма жамоамиз аъзолари олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича 20 га яқин жаҳон чемпионатида қатнашди.
Миллий курашни дунё миқёсида оммалаштириш борасида ҳам салмоқли ишлар бажарилди. Бу сўнгги йилларда кўплаб давлатларда жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро мусобақалар юқори савияда ўтказилганида ўз аксини топди.
Жорий йилда Тожикистон ва Туркманистонда халқаро мусобақалар, Вьетнамнинг Вунг Тау шаҳри ва Жанубий Кореянинг Анянг шаҳридаги мусобақалар ҳамда бошқа йирик тадбирлар доирасида 8 та халқаро кураш мусобақаси ташкил этилиб, уларда 1800 дан зиёд спортчи иштирок этди. Бу курашнинг қитъалар орасида тобора кенг оммалашаётганидан далолат беради.
Олимпия ҳаракатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида футболга катта эътибор қаратила бошлади. Спорт вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузуридаги футбол академиялари ва мактаблари, шунингдек, профессионал футбол клубларининг футбол академияларида шуғулланувчилар сони 32 минг 333 кишига етказилиб, рақобатбардош футболчилар захираси шакллантирилди.
Мазкур саъй-ҳаракатлар Ўзбекистонда олимпия ҳаракатини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди. Терма жамоаларимизнинг йирик халқаро мусобақалардаги иштироки, кўпайиб бораётган медаллар сони ва спорт инфратузилмасининг кенгайиши жаҳон спорт харитасида янги Ўзбекистон қиёфасини янада ёрқин намоён этаётир.
2025 йил якунларига кўра, спорт таълими муассасаларига қўшимча 58 минг 482 иқтидорли спортчи ўғил-қиз қабул қилиниб, натижада мунтазам шуғулланувчилар сони 11,5 фоиз ошди. Мамлакат бўйлаб 300 дан ортиқ спорт мактаби ва ихтисослаштирилган спорт таълими муассасалари ташкил этилаётгани жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланувчилар улушининг 30 фоизга етишига замин ҳисобланади.
Спорт мактабларида аҳоли сони ва ҳудудларнинг ихтисослашувини инобатга олган ҳолда, олимпия спорт турлари бўйича 200 дан ортиқ янги спорт секцияси иш бошлади. Мазкур саъй-ҳаракатлар, яратилган қулайликлар келгусида жойларда маҳоратли спортчиларни тайёрлаш борасидаги ишларни, мураббийларнинг салоҳиятини мониторинг қилиб бориш, таҳлил этиш, зарур хулосалар чиқаришга майдон яратди.
Президентимиз ташаббуси ва давлат дастурларида белгиланган йўналишлар орқали спорт соҳаси нафақат соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, балки мамлакатимиз нуфузини халқаро майдонда юксалтиришнинг асосий воситасига айланиб улгурди.
Ислоҳотлар жараёнида асосий эътибор “Соғлом авлод — соғлом келажак” тамойилига қаратилган. Зеро, кучли давлат қуришнинг, жамиятда маънавий ва интеллектуал юксалишга эришишнинг пойдевори соғлом ва баркамол авлоддир. Шу боис, юртимизда спорт инфратузилмасини ривожлантириш, замонавий спорт мажмуаларини барпо этиш, оммавий спортни кенг тарғиб қилишга катта аҳамият берилаётир.
Хусусан, мамлакатимизда 2017-2024 йиллардаги ислоҳотлар жараёнида спортни ривожлантиришга қаратилган қатор дастурлар қабул қилинди. Бу, ўз навбатида, аҳоли, айниқса, ёшларнинг спортга қизиқишини оширди. Натижалар эса бирма-бир бўй кўрсатди. Мисол учун, 2024 йилги Париж олимпия ва паралимпия ўйинларида юртимиз спортчилари муносиб иштирок этиб, умумжамоа ҳисобида 13-ўринни эгаллагани бу йўналишдаги самарали ишлар натижасидир.
Бундай ютуқларни қўлга киритишда спортчилар учун замонавий шарт-шароитларни яратиш, уларнинг тайёргарлигини халқаро мезонлар асосида ташкил этишнинг аҳамияти янада ошади. Шу мақсадда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тарихимизда илк бор “Олимпия шаҳарчаси” қурилишига киришилди. Бу мажмуа нафақат замонавий спорт инфратузилмаси, балки миллий спорт сиёсатида янги босқичнинг рамзидир.
2022 йил 9 ноябрь куни тамал тоши қўйилган ушбу шаҳарча Президентимиз таъбири билан айтганда, халқимизнинг юксак бунёдкорлик салоҳияти ва ўзбек спортининг оламшумул ютуқлари рамзи бўлиб қолиши лозим эди. Орадан қисқа вақт ўтди ва бу орзу амалга ошди. Юз гектардан ортиқ майдонда қурилган Олимпия шаҳарчаси бугун нафақат юртимиз, балки бутун Марказий Осиёдаги энг йирик ва замонавий спорт маскани сифатида барпо этилди.
Мазкур мажмуа спортчилар билан бирга томошабинлар, мураббийлар, турли спорт федерациялари ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари учун ҳам қулайлик яратиб, спорт соҳасининг барча тармоқларини ўзаро узвий боғлайдиган улкан марказга айланди.
Олимпия шаҳарчаси спорт фанлари маркази сифатида ҳам ташкил этилган. Бу ерда Спорт вазирлиги, Антидопинг агентлиги, Давлат спорт академияси, Жисмоний тарбия илмий-тадқиқот институти, Спорт турларини ривожлантириш маркази жойлаштирилган. Шу тариқа спорт илми, тиббиёти ва амалиёти уйғунлашган ҳолда иш юритилади. Спорт тиббиёти маркази орқали спортчиларнинг саломатлигини мунтазам назорат қилиш, тикланиш жараёнини замонавий технологиялар асосида ташкил этиш мумкин.
Давлатимиз раҳбари жорий йил 18 август куни Тошкент шаҳрида қуриб битказилган Олимпия шаҳарчасидан ташқари Юқори Чирчиқ туманидаги Миллий футбол маркази фаолияти билан ҳам танишган эди.
Яқин йилларгача Ўзбекистон терма жамоалари тайёргарлиги асосан Тошкентдаги Бунёдкор академияси майдонлари ва турли ҳудудий стадионларда ўтказиларди. Бир вақтнинг ўзида бир нечта терма жамоани тайёрлаш имконияти чекланганди. Футбол мутахассислари тайёргарлиги ҳам тўлиқ йўлга қўйилмасди. Мураббий ва ҳакамлар курслари алоҳида ўтказилгани билан илмий-тадқиқот ёки таҳлил марказлари йўқ эди. Замонавий селекция тизими ҳам йўлга қўйилмагани учун иқтидорли ёшларни саралаш мураккаб кечарди. Шунингдек, спорт тиббиёти соҳасида ҳам катта бўшлиқлар бор эди. Жароҳатланган футболчилар кўпинча хорижда даволанишга мажбур бўларди. Замонавий тренажёрлар, криотерапия каби тикланиш усуллари мавжуд эмасди. VAR тизими айрим стадионларда қўлланган, аммо марказлашган кузатув мажмуаси йўқ эди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қисқа муддатда барпо этилган Миллий футбол маркази барча йўналишни бирлаштирувчи замонавий платформа сифатида иш бошлади.
Марказда бир вақтнинг ўзида 6 та терма жамоа ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши мумкин. Иншоот таркибига стадионлар, ўқув бинолари, спорт заллари, меҳмонхона, шунингдек, пляж футболи майдони, футзал манежи, бассейн ва реабилитация бўлими киради. Бу ечимлар спортчининг кундалик машғулотидан тортиб, тикланишигача узлуксиз занжир ҳаракатини таъминлайди. Натижада вақт тежалади, сифат ошади, хавфсизлик кафолатланади.
Мажмуада футболчи ва мутахассисларни тайёрлашга хизмат қиладиган тўртта ядро тузилма ташкил этилган: Футбол мутахассисларини тайёрлаш ва илмий-тадқиқот маркази, Футбол терма жамоалари тайёргарлик маркази, Республика футбол академияси ҳамда Спорт тиббиёти ва реабилитация маркази. Шу билан бирга, “VAR маркази”нинг ўрнатилиши бошқарув, таҳлил ва ҳакамлик маданиятини янги поғонага кўтаради. Натижалар ошкора, қарорлар тезкор, маълумотлар эса метрикаларга таянади.
Академияда ёш истеъдод эгаларини аниқлаш ва тарбиялаш тизими халқаро қоидаларга мос равишда йўлга қўйилган: Аргентина, Венгрия, Хорватия каби давлатлардан мутахассислар жалб этилгани ўқув дастурлари мазмунини бойитади, тренерлик, ҳакамлик, селекция ва таҳлил соҳаларида интеграл қобилиятни шакллантиради. Бу ёш футболчининг техникасидан ташқари, фикр тезлиги, қарор қабул қилиш маданияти ва рақобат руҳини ҳам кучайтиради.
Тарихий ғалаба ва ёшлар музаффарияти — ўзбек футболининг ёрқин қиёфаси
Бунёдкорлик ишлари, натижалар, муваффақиятлар орасида рўй берган тарихий воқеалар ҳеч қандай тасодиф ёки бир кунлик омад маҳсули эмас, балки йиллар давомида шаклланган аниқ мақсад, қатъий сиёсий ирода ва босқичма-босқич бажарилган тизимли ишлар самарасидир.
Осиё қитъасида футбол бўйича жаҳон чемпионати учинчи саралаш босқичининг 9-турида Ўзбекистон терма жамоаси сафарда БАА термасига қарши ўйин ўтказди. 0:0 ҳисобидаги дурангдан сўнг терма жамоамиз илк бор жаҳон чемпионати йўлланмасига эга чиқди. Шу тариқа Ўзбекистон футболи тарихида мутлақо янги саҳифа очилди. Бу мамлакатимиз футболидаги кенг қамровли ислоҳотларнинг мантиқий натижаси бўлиб, нафақат футболчиларимиз, балки бутун халқимизнинг ушалмасдек кўринган орзусини рўёбга чиқарди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугунга қадар жаҳон чемпионатининг жами
7 та саралаш босқичида иштирок этган ва турли босқичларда мусобақадаги иштирокини якунлаган. Энг ёмон натижамиз 2022 йилда қайд этилган. Ўшанда иккинчи босқичда 15 очко жамғариб, учинчи босқичга ўта олмадик. Ушбу армон ва аламли натижалардан сўнг футболни янада ривожлантириш масаласига жиддий эътибор қаратила бошлади.
Президентимиз раҳбарлигида 2023 йил 28 апрелда ўтказилган йиғилишда футбол инфратузилмасини тубдан янгилаш, болалар ва ўсмирлар ўртасида футболни оммалаштириш, тажрибали мураббийлар ва замонавий шарт-шароитлар яратиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.
Мазкур кўрсатмалар ижроси юзасидан 2024 йилда Республика футбол академияси негизида Миллий футбол маркази ташкил этилди. Шу билан бирга, футбол бўйича илмий-тадқиқот ва услубий марказ фаолияти йўлга қўйилди.
Кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон футболининг турли ёш тоифаларидаги жамоалари халқаро ареналарда муносиб натижаларга эришиб келмоқда. Cўнгги йилларда U-17, U-20 ва U-23 терма жамоаларимиз жаҳон чемпионатлари ва олимпиадага чиқишдек юксак натижаларга эришди. Энди эса ушбу баркамол авлод ва миллий тизимда шаклланган замонавий футбол фалсафаси миллий терма жамоамизни ҳам жаҳон чемпионати саҳнасига олиб чиқди.
Президентимизнинг 2023 йил 7 апрелдаги “Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда футболнинг оммавийлигини ошириш, истиқболли ва иқтидорли футболчиларни танлаш ҳамда профессионал даражада тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш, тренер ва ҳакамларни халқаро талаблар асосида тайёрлаш ва маҳоратини юксалтириш, футбол инфратузилмасини яхшилаш ҳамда ўрнатилган стандартларга мослаштиришда муҳим замин бўлди.
Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) шафелигида ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган ўсмирлар ўртасидаги Осиё кубоги катта спорт остонасида турган ёшлар учун маҳорат ва тажриба мактаби бўлиш билан бирга қитъамиз терма жамоалари учун U-17 ёш тоифасидаги жаҳон чемпионатига йўлланма берадиган ягона мусобақа ҳамдир.
Ана шундай нуфузли мусобақанинг бу галгиси Саудия Арабистонида ташкил этилди. Унда қитъамизнинг 16 жамоаси 4 гуруҳга бўлинган ҳолда ғолиблик ва Қатарда ўтадиган мундиал йўлланмаси учун куч синашди.
Қарийб бир ой давом этган Осиё кубоги баҳсларининг сўнгги — ҳал қилувчи ўйини Саудия Арабистони ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасида Тоиф шаҳридаги “Подшоҳ Фаҳд” стадионида ўтказилди. Ўзбекистонлик футболчилар Саудия Арабистони терма жамоасини 2:0 ҳисобида ютиб, ўз тарихида иккинчи марта Осиё чемпиони бўлди.
Зафарлар зафарларга уланиб, шундай қизғин паллага кириб келдик: илгари футболда ўз ўрнини топа олмаган, яшил майдонларда тан олинмаган мамлакат бугун нафақат миллий терма жамоасини халқаро майдонларда намойиш этиш имконига эга бўлди, балки бўлғуси йирик жаҳон чемпионатларига мезбонлик қилиш салоҳиятига ҳам эришди.
Жорий йил 2 октябрь куни ФИФА кенгаши йиғилишида футбол бўйича 20 ёшгача бўлганлар ўртасида 2027 йилги жаҳон чемпионатини Ўзбекистон ва Озарбайжонда ўтказиш қарори қабул қилинди. Унинг доирасидаги ўйинлар икки мамлакатдаги 3 тадан стадионда ўтказилади. Финал ва ярим финал ўйинлари сиғими 50 мингдан кўп бўлган стадионда ўтказилиши ФИФА талабларидан биридир.
Шу боис, мамлакатимиз футболи учун муҳим яна бир йирик лойиҳа — Янги Тошкент стадиони қурилишига старт берилди. Президентимиз 11 ноябрь куни замонавий футбол стадиони қурилишига тамал тоши қўйди. Янги Тошкент ҳудудидаги барча лойиҳалар замонавий меъморлик ва миллий қадриятлар уйғунлигида экологик ва “ақлли” бошқарувга асосланиб барпо этилмоқда. Шу умумий концепция асосида қуриладиган янги стадион ҳам табиат билан уйғун бўлади ҳамда “яшил” энергия ва “қулай муҳит” тамойилларига асосланади.
Янги Тошкент стадиони ФИФАнинг барча талабларига мос равишда барпо этилади ҳамда Осиёдаги энг йирик ва замонавий инфратузилмага эга футбол майдонларидан бири бўлади. Бу иншоот нафақат 2027 йилги 20 ёшгача бўлганлар ўртасидаги жаҳон чемпионати, балки бутун ўзбек футболи ва ёшлар спортининг келгуси ривожи учун ҳам хизмат қилади. 55 минг ўринли янги стадион миллий жамоамиздан ташқари профессионал клубларимиз учун ҳам катта имконият яратади. Энди нуфузли халқаро мусобақаларни юртимизда ўтказиш, дунё футболи элитаси билан ҳамкорлик қилиш имкони пайдо бўлмоқда.
Президентимизнинг “2027 йилги футбол бўйича U-20 жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса ушбу жаҳон чемпионатини юқори савияда ташкил этишда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Якунланаётган йилнинг хушхабарлари
Ноябрь охирида давлатимиз раҳбари бошчилигида Олимпия шаҳарчасида бошланган тантанали спорт байрами тарихий ғалабаларга уланиб, катта шодиёнага айланди. Президент Олимпиадаси спорт мусобақасининг тантанали очилиш маросими вақтида ўзбек гроссмейстери Жавоҳир Синдоров шахмат бўйича жаҳон кубоги соҳиби бўлгани тўғрисидаги хушхабар миллионлаб кўнгилларга ғурур, шукуҳ олиб кирди.
Ҳали 20 ёшга кирмаган йигит бутун шахмат дунёси эътиборини яна бир бор Ўзбекистонга қарата олди. Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида ўтган жаҳон кубоги финалида у хитойлик Вей Ини таслим қилди ва шунчаки ғолиб эмас, тарихдаги энг ёш чемпион бўлди. Бу рекорд 20 йилдан буён Левон Аронян қўлида эди. Энди эса уни ўзбек йигити янгилади.
Қолаверса, у 2026 йилги Даъвогарлар турнирига йўлланмани ҳам қўлга киритди. Жавоҳирнинг бу ғалабаси ўзбек спортчиларининг янги авлоди катта спорт майдонига юксак шижоат ва сўнмас ғайрат билан кириб келаётганини кўрсатди.
Ўтаётган йил давомида юртимиз спортчилари қатор комплекс мусобақаларда оламшумул натижаларга эришди. Олимпия ва паралимпия йўналишидаги спорт турларида 50 дан зиёд жаҳон ва қитъа чемпионатларида 700 га яқин медаллар шодаси қўлга киритилгани Ўзбекистон спортининг халқаро нуфузи йилдан йилга юксалиб бораётганидан далолат.
2025 йил янги Ўзбекистон тарихида яна бир саҳифа очди. Спортчиларимиз Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида V Ёшлар Параосиё ўйинларида тарихий ғалабага эришди. Шу орқали улар бир неча рекордни янгилаб, Осиё қитъасида 1-ўринни эгаллади. БААда 35 давлатнинг 1312 ёш параспортчиси иштирокидаги муросасиз баҳсларда ҳамюртларимизнинг 99 та олтин, 57 та кумуш ва 41 та бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллагани янги Ўзбекистон ёшларининг салоҳиятини яна бир бор яққол намоён этди.
Президентимиз жорий йил 11 декабрдаги “Паралимпия спорт турларини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан параспортчи ёшларга яна бир карра катта ишонч билдирди. Бундай имконият ва эътибор ёшларга қанот бағишлади. Давлатимиз раҳбарининг ишончидан руҳланган спортчиларимиз 35 давлатдан келган тенгдошлари орасида ғалабага интилиши билан ажралиб турди. Улар нафақат ютуқлари, балки ўзига ишончи, кўтаринки кайфиятда баҳсларга киришиши билан ҳам кўзга яққол ташланди. Ана шу кўтаринкилик, ишонч мусобақаларда ўз сўзини айтди. Параосиё ўйинлари биз учун рекорд ва эксклюзив натижаларга бой бўлди. Қолаверса, спортчиларимиз кўплаб жаҳон ва Осиё рекордларини ўрнатди. Уларнинг бундай шонли юриши халқаро майдонга янги, ёш ва жасоратли спорт жамоаси кириб келаётганини кўрсатди.
Шунингдек, қарорда ногиронлиги бўлган шахсларнинг паралимпия спорт турларига қизиқишини ошириш вазифаси қўйилди. Мамлакат ривожи руҳан тетик шахсларга боғлиқ. Зеро, бундай инсонларда ҳаётсеварлик, эртанги кунга ишонч кучли бўлади. Улардаги ана шу қувват бутун жамиятга ижобий таъсир қилади. Юртдошларимиз, айниқса, ёшларни спортга қизиқтириш орқали жамиятимизда мана шундай ижобий кайфият янада мустаҳкамланиб бормоқда.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8 июлдаги “2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарори қатор имкониятлар тақдим этиш орқали паралимпия ўйинларига янада кўтаринки руҳда, ҳар томонлама пухта ҳозирлик кўришга замин ҳозирлади.
Бундай ислоҳотларни санашда давом этиш ва уларнинг аҳамиятини баҳолашга ҳали кўп қайтамиз. Муҳими, ушбу хайрли ишлар керакли шарт-шароитни яратибгина қолмай, имкониятлар мажмуи сифатида қамровни кенг олди. Бу эса олдимизга янада юқори марраларни забт этиш вазифасини қўяди, ҳаракатларимизга аниқ йўналишни белгилайди ва ҳар бир қадамни режалаштиришда самарали асос бўлиб хизмат қилади.
Азизбек ЮСУПОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири