Мен Тошкентга 1979 йили бир-иккита кўрпачаю чўнтагимда озгина пул, аммо  юрагим тўла умид ва улкан орзулар билан кириб келганман. Орадан шунча йиллар ўтиб, ортга назар ташласам, Аллоҳим мени ҳавас қилса арзигулик неъматлар билан сийлаганига шукр қиламан. Аввало, ҳамиша мени қўллаб-қувватлайдиган ижодкор инсонга умр йўлдоши бўлиш насиб этди. Фарзандларим ва набираларим эътибори ва меҳридан ҳамиша масрурман. Пойтахтдаги нуфузли журнал - “Саодат” журналида ишлайман. Бу даргоҳда халқимизнинг севимли шоиралари Зулфияхоним, Ҳалимахоним, Ойдинхонимларнинг сабоқларини олдим. Уларнинг қўллаб-қувватлашлари меҳри ва эътиборидан баҳраманд бўлдим. Китобларимнинг ҳар бири нашр этилганида қувониш билан бирга ҳали эл-юрт олдидаги бурчларим, вазифаларим жуда кўп эканлигини янада чуқурроқ ҳис қилдим. Ҳа, ижодкор қалб одами. Аллоҳ истеъдод деб аталган илоҳий неъматни инсонга шунинг учун инъом этадики, у  бир умр Она Ватани, халқининг ташвишлари, орзу-умидлари   билан яшаши зарур.

Мана бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан яна бир катта эътирофга сазовор бўлдим. Бутун дунё аҳли бошига иш тушиб турган шундай  синовли кунларда бундай эътиборга, эътирофга миннатдорлик  билдирмай бўладими?  Қай бир юртларда одамлар эртанги кун ҳақида ташвиш билан ўйланиб турган, қай бир элда эса бомба портлашларидан  қалблар ларзага тушган, яна бир заминда бир бурда нон топиш мушкулотга айланган айни машаққатли даврда Президентимизнинг халқимиз қалбига эзгу ишлар, ташаббуслар машъаласини ёқаётгани биз ижодкорларни шундоғам руҳлантираётган, ҳайратлантираётган эди. Бу гаплар асло қизил гаплар эмас, шунчаки эътирофлар эмас. Серташвиш дамларда фарзандларим ва набираларимни қучиб изтиробга тушганимда Президентимизнинг ҳар бир сўзидан, қадамларидан, саъй-ҳаракатларидан куч-қувват олдим. Сахий ва мурувватли юртдошларимнинг бир-бирига бўлган меҳру оқибатидан етти осмон қадар юксалдим. Ҳа, пандемия ҳар биримизни имтиҳон қилди.          

Шу ўринда айтиб ўтишим лозимки, ижодкор учун ҳар битта мукофот ютуқ бўлиши баробарида халқ олдидаги масъулиятини янада оширувчи бир ғайрат, ҳаракат манбаи ҳамдир. Аслида халқнинг меҳрини қозониш – энг олий мукофот. Мени халқ таниди, эл билди, деган ички бир кўтаринки руҳ ўзига хос жуда катта масъулиятни юклайди инсонга. Мана шу қоракўз халқим дарди ва ташвиши билан яшаётганимдан фахрланаман.   

Тонг саҳардан буён қўнғироқ устига қўнғироқ бўлиб, қутловлар, табриклар тинмаяпти. Энг улуғ ва энг азиз байрамимиз олдидан мен учун ҳукуматимиз томонидан муносиб туҳфа бўлган мукофот – “Меҳнат шуҳрати” ордени билан қутлаётганларнинг сўзларидан қанчалар хурсанд бўлганимни таърифлай олмайман. Зеро, бу Ўзбекистон диёрининг ҳар қандай вазиятга қарамай, эзгу- ликлар ва яхшиликлар сари дадил қадам ташлаб бораётган иродали, жасоратли ва қатъиятли инсонлари ҳаётининг яна бир ёруғ лавҳаларидир!..  

 

Юрагин яшириб юрарми шоир,

Ёмғирга, офтобга бирдай очиқмиз.

Шу миллат, шу юртга бўлса гар доир

Қувонч, ҳасратига бирдай ошиқмиз.

 

Қутлибека РАҲИМБОЕВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир