Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 июндан бошлаб 6 – 23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан бепул таъминлаш топшириғи берилган эди. Тадбирда ушбу жараён қандай кечаётгани ва бола саломатлигида микронутриент кукунининг аҳамияти борасида сўз борди.
— Соғлом авлодни вояга етказиш учун болани кўкрак сути билан озиқлантиришни тарғиб қилиш, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва қўшимча таомларни тўйинтириш ишларини амалга ошириш талаб этилади, — дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова. — Давлатимиз раҳбарининг ушбу масалага жиддий эътибор қаратиши болалар саломатлигининг нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини билдиради. Биринчи навбатда, микронутриент кукуни билан бепул таъминлаш учун 6 – 23 ойлик болаларнинг рўйхатини шакллантириб олдик. Аниқланишича, айни пайтда мамлакатимизда 700 минг нафардан ортиқ шу ёшдаги болалар истиқомат қилади. Эндиликда микронутриент кукунларини бепул тарқатиш жараёни бошланмоқда. Жорий йил Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ЮНИСЕФ халқаро болалар ташкилоти кўмагида жами 3 миллион 50 минг ўрам микронутриент кукунлари сотиб олиниб, 507 минг нафар 6 ойликдан 23 ойликкача бўлган болаларни ушбу кукунлар билан оила шифокорлари томонидан бепул тўлиқ таъминланади.
Албатта, бу жараённи ташкил этишда мамлакатимиздаги пандемик ҳолатни инобатга олиб, барча керакли санитария-эпидемиология қоидаларига амал қилиниши кўзда тутилган.
Тадбирда озуқавий микронутриентлар аҳамиятига алоҳида урғу берилди. Таъкидланишича, Ўзбекистонда озуқавий микронутриентлар танқислиги 6 ойдан 23 ойгача бўлган болалар ўртасида энг кўп қайд қилинган. Уй овқатларини микронутриент кукунлари билан бойитиш 6 ойликдан 23 ойликкача бўлган гўдаклар ва кичик ёшли болаларнинг витаминлар ва минераллар истеъмол қилишига имкон беради. Ўзбекистонда уй овқатларини бойитиш дастурининг жорий этилиши 6 – 23 ойлик гўдаклар ва болалар орасида темир танқислиги ва анемиянинг ривожланиш хавфини камайтиради.
— Ўзбекистонда микронутриент кукунлари билан болаларни таъминлаш илк бор амалга оширилмоқда, — дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. — Шу боис, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда ташкилотимиз ҳамкорликда халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда шу йўналишда услубий қўлланма, буклет ва бошқа тарғибот материаллари тайёрланди. Хусусан, тиббиёт ходимлари учун 3 минг нусхада “Эрта ёшдаги болаларни овқатланиши ва микронутриент етишмовчилигини олдини олиш” услубий қўлланмаси, ота-оналар учун “Микронутриент кукунлари ва унинг тавсифи” ҳамда “Ота-оналарга микронутриент кукунларини қабул қилиш бўйича эслатма” каби буклетлар ва турли вилеороликлар тайёрланди. Ўйлайманки, ушбу чора-тадбирлар ўзбекистонлик болалар саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир давомида ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде томонидан Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситхановага микронутриент кукунлари топширилди ҳамда кейинги ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилиб олинди.
Микронутриент кукунларини тарқатиш жараёнлари биринчи бўлиб намуна сифатида Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида бошланмоқда. Шунингдек, бу ерда тиббиёт ходимлари учун тренинг ва ота-оналар учун маслаҳат бериш жараёни ҳам ташкил қилинмоқда.