Хусусан, сўнгги икки йилда соҳага бюджетдан 3,7 триллион сўм маблағ ажратилиб, 48 та лойиҳага 1,9 миллиард доллар хорижий кредитлар жалб қилингани, аммо лойиҳани танлашда жойлардаги ҳолат, аҳолининг талаби ва мавжуд сув манбалари кўп ҳолларда тўлиқ ўрганилмаётгани таъкидланди. Уч йил ичида 3,6 миллион аҳолига сув етказиш режалаштирилиб, маблағ масаласи ҳал қилиб берилган бўлсада, барча муаммолар охиригача ўз ечимини топмагани танқид қилинди.

Ҳақиқатан, ўтган вақт давомида амалда бор-йўғи 30 фоиз хонадонга сув кириб борган. Мазкур камчиликлар ҳисобига кредитларни қайтариш юки давлат бюджетига тушмоқда. Мисол учун, хорижий кредитлар бўйича сув таъминоти корхоналари учун охирги икки йилнинг ўзида бюджетдан 117 миллиард сўм ёки 12 миллион АҚШ доллари тўлаб берилди.

Сув таъминоти ва канализация тизимини ривожлантириш схемаси ҳам эскирган. У 2010 йилгача муддатга ишлаб чиқилган ва шу вақтга қадар янгиланмаган. Шунингдек, техник жиҳозлар масаласида ҳам камчиликлар йўқ эмас. Ҳозирги кунда жойлардаги сув иншоотларига жами 17,5 минг дона сув ҳисоблагич ўрнатилиши талаб этилсада, амалда атиги 7 фоиз сув ўлчагичлар мавжуд. Ана шу муаммолардан келиб чиқиб, йиғилишда бир қатор вазифаларни амалга ошириш белгилаб берилди.

Биринчидан, йил якунига қадар жами 2,5 миллион аҳоли тармоққа уланиб, биллинг базага киритилади. Натижада йилига яна 140 миллиард сўм қўшимча даромад олинади. Келгуси йилдан бошлаб барча лойиҳаларда ичимлик сувни хонадонларгача етказиб бериш назарда тутилади.

Иккинчидан, лойиҳаларни танлаш, амалга ошириш ва натижадорликни таъминлашни мониторинг ва назорат қилиш бўйича янги тизим яратилади. Энди бу масалага соҳа вакиллари билан бирга вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари ҳам бирдек масъул ҳисобланади. Улар ҳудудий сув таъминоти корхоналарининг кузатув кенгашларига раҳбарлик қилади. Тизим лойиҳаси ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, ҳокимлар ва аҳоли билан бамаслаҳат ишлаб чиқилади. Янги лойиҳа таклифлари вилоят кенгашида тақдимот қилиниб, халқ вакиллари томонидан маъқулланганидан кейингина амалга оширилади.

Учинчидан, соҳада лойиҳалаштириш ишлари тўлиқ қайта кўриб чиқилади. Республикада сув ва канализация тизимини ривожлантириш схемасини ҳудудлар бош режалари ва ичимлик сув манбасига узвий боғланган ҳолда халқаро экспертлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқиш белгиланди.

Тўртинчидан, жойларда энергия тежамкор кичик лойиҳаларни амалга ошириш ишларини янада кенгайтириш топшириғи берилди. Мисол учун, Андижон вилояти Улуғнор туманида амалга оширилиши режалаштирилган тажриба лойиҳасига кўра, ичимлик сув қудуғига 5 киловаттли қуёш электр станцияси ўрнатиш орқали 2 минг нафар аҳоли узлуксиз ичимлик сув билан таъминланади. Бизнинг ҳисоб-китобимиз бўйича ушбу лойиҳа 3 йилда ўзини тўлиқ қоплайди. Шунга ўхшаш лойиҳаларни йил охиригача республика бўйича яна 200 тага етказиш кўзда тутилган.

Бешинчидан, жорий йил якунига қадар йирик сув иншоотларига 17,5 мингта сув ҳисоблагич ўрнатиш жадвали ишлаб чиқилиб, тасдиқланиши белгиланди. Ушбу ҳисоблагичларнинг барчаси ягона ахборот тизимига уланади ва тўлиқ мониторинг қилиш имконияти яратилади.

Шунингдек, йиғилишда яна бир муҳим йўналиш — сув сифатини назорат қилиш борасида ҳам аниқ вазифалар белгиланди. Унга кўра, йил якунига қадар республика бўйича 87 та сув лабораториясини модернизация қилиш режалаштирилган.

Соҳиб САИФНАЗАРОВ,

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг биринчи ўринбосари