Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессори Гулноза Халлиева бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Швецияда бўлди. Амалий сафар давомида Швециянинг Уппсал ва Лунд университетлари кутубхоналарида туркий халқларга оид 858 та (агар такрор нусхалар борлигини ҳисобга олсак, 500 тадан ортиқ) тарихий қўлёзмалар мавжудлиги аниқлангани айтилмоқда. Бу ҳақида “Дунё” АА мухбири хабар бермоқда.

Қўлёзмалар орасида Алишер Навоий, Бобур, Фузулий, Сўфи Оллоёр, Машраб каби биз билган машҳур шоирлардан ташқари ҳали халқимизга номаълум бўлган шоирлар, таржимонларнинг ҳам қўлёзмалари мавжуд. Биргина Алишер Навоий қўлёзмаларининг ўзи 25 тани ташкил этади.  

Ушбу қўлёзмалар XIX ва XX асрларда швед миссионерлари фаолияти давомида йиғилган, сотиб олинган ва кейинчалик Лунд ва Уппсала университетлари кутубхонасига туҳфа қилинган.

Мамлакатимизнинг Швециядаги элчихонасида Гулноза Халлиева билан бўлиб ўтган учрашувда ушбу мамлакат кутубхоналарида сақланаётган 800 дан ортиқ ноёб дурдоналаримизни олимлар гуруҳи билан келиб, аввало, тўлиқ реестрини тузиш, тавсифини яратиш, ҳаммасини яроқли ҳолга келтириб таъмирлаш, иложи бўлса юртимизга қайтариш мақсад қилинган.