“Янги Ўзбекистон” боғида Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда мен ҳам қатнашдим. Тадбирда давлатимиз раҳбари нутқ сўзлагани ёшларга ўзгача руҳият бағишлагани, йигит-қизларда ўзига нисбатан ишончни янада мустаҳкамлаганига бевосита гувоҳ бўлдим.
Президентимиз мамлакатимизда ёшлар билан боғлиқ қилинган ва қилинаётган ишлар, келгуси режалар хусусида далил ва аниқ рақамлар асосида гапирди. Чунки улар давлат ва жамиятнинг келажаги, бошланган улкан ишлар ва ислоҳотларнинг иштирокчиси ва давомчисидир. Бошланган барча ишлар самараси бевосита уларга, йигит-қизларнинг билими, салоҳияти ва интилишига боғлиқ.
Президентимиз ёшлар билан боғлиқ масала ва муаммоларнинг асосий йўналишларига тўхталиб, уларнинг ечими, молиявий манбаларигача кўрсатиб, белгилаб берди. Бу нимадан далолат? Бу, аввало, билдирилаётган ташаббус ва ғоялар қоғозда қолиб кетадиган гап эмас, балки рўёбга чиқиши шубҳасиз, молиявий манбалари аниқ-тиниқ бўлган мақсад ва вазифалар эканини кўрсатади.
Биргина ўғил-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишига кўмаклашиш йўналишида бажарилаётган ишларнинг ўзиёқ кишида ҳайрат уйғотади. Масалан, илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишидаги тўгаракларга қатнаши учун ёшларга 6 ой давомида 300 минг сўмдан тўланиши белгиланмоқда. Тўгарак аъзоларига агар ушбу йўналишлар бўйича маҳаллий олимпиадаларда қатнашса, 1 миллион 200 минг сўмдан, нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этса, 12 миллион сўмдан маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда. Буни айни пайтда ниҳоятда муҳим ва ўз вақтида белгиланган чора-тадбир деб аташ мумкин.
Чунки ёшлар орасида қобилиятли ва истеъдодлилари жуда кўп. Улар халқаро танловларда дунё ёшлари билан бемалол беллаша олади. Лекин ҳаммасининг ҳам бошқа ҳудуд ёки мамлакатга бориб келишга, олимпиадаларда иштирок этишга имконияти ёки ҳомийси йўқ. Белгилаб берилаётган бу чора-тадбирлар ана шу масалага оқилона ва одилона ечим бўла олади.
Ёшларга касб-ҳунар ўргатиш, бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Энди техникумларга қабул бир йилда икки марта ташкил этилади. Бу борадаги давлат грантлари икки баробар оширилади. Таълим кредити учун молиявий ресурслар ажратилади. Ёшлар билан ишлаш бўйича жорий қилинган янги тизим асосида 8 миллиондан зиёд йигит-қизни қамраб олган “Ёшлар баланси” шакллантирилаётгани катта аҳамиятга эга.
Энг муҳими, мамлакатимизда ўғилқизларнинг қизиқиши, касб-ҳунарга мойиллиги, маълумоти, ижтимоий аҳволи ва муаммоларидан тўлақонли хабардор бўлишга қаратилган тизим яратилди. Маълумотларга қараганда, жорий йилда 404 минг йигит-қиз ўрта таълимни, 151 минг нафари эса профессионал таълим муассасасини битириб, меҳнат бозорига кириб келади. Тантанали маросимда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Бу борада маҳаллалардаги 6 миллиондан зиёд ўғил-қизнинг, айниқса, уюшмаган ёшларнинг истеъдодини рўёбга чиқариш бўйича Беш ташаббус олимпиадаси йўлга қўйилган эди. Давлатимиз раҳбари энди ана шу олимпиадани ҳар йили икки маротаба ўтказиш таклифини билдирди. Бу ташаббусни йигитқизлар қизғин кутиб олди.
Ўғил-қизларнинг бўш вақтини фойдали машғулот билан банд қилишга қаратилган ташаббуслар “Баркамол авлод” болалар мактаблари ўқувчиларини қўллаб-қувватлаш, истеъдоди ва қобилиятини рўёбга чиқариш ҳамда рағбатлантиришда ҳам муҳим ўрин тутади. Бизнинг галдаги вазифамиз тўгараклар сони ва сифатини ошириш, мактабларимиздаги ўқувчилар қамровини янада кўпайтириш, ёш истеъдодлиларга муносиб шарт-шароит яратиб беришдан иборат.
Мазкур ишларга маҳаллий ҳокимлар ҳам масъул этиб белгиланган. Бу борада айни пайтда сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Яқинда Сирдарё вилоятида қулай ва замонавий шарт-шароитларга эга, муҳташам “Баркамол авлод” болалар мактаби фойдаланишга топширилди. Энди мамлакатимизнинг барча ҳудудида ана шундай муассасалар бунёд этилади. Бугун тўгаракларимизга 260 минг 234 нафар ёш қамраб олинган. Албатта, бу сўнгги марра эмас.
Қилинаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Яқинда “Баркамол авлод” болалар мактабларидаги иқтидорли ўқувчилар базаси шакллантирилди. Уларнинг сони ҳозиргача 1 минг 45 нафарга етди. Шундан 143 нафари халқаро олимпиада ва танловларда, 902 нафари республика миқёсидаги мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган.
Жумладан, Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби томонидан шу йилнинг дастлабки ярмида ўндан зиёд кўрик-танлов ва мусобақа ташкил этилди. “Баркамол авлод” мактаблари зиммасидаги вазифалар кўлами бугунги кунда янада ошгани сир эмас. Мақсадимиз болаларнинг бўш вақтини фойдали ишларга йўналтириш, иқтидорли ўғил-қизларга кўмаклашиш, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш, ижод қилиши учун қулай шарт-шароит ва имконият яратишдан иборат.