Аҳоли саломатлиги хавфсизлигини таъминлаш йўналишида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида Бухоро вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда қалбаки дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган шахслар фаолиятига чек қўйилди.

Хусусан, Ғиждувон туманида яшовчи, 1994 й.т. фуқаро ўз оила аъзолари билан биргаликда, уй шароитида қўлбола усулда дори воситаларини тайёрлаб келаётганлиги маълум бўлди.

Сўнгра, қонунбузарлар томонидан дори воситаларини сақлаш учун 1 та манзил ва реализация қилиш учун 2 та дорихонадан фойдаланилаётганлиги аниқланиб, улар тегишли тартибда кўздан кечирилди.

Натижада, ушбу манзиллардан жами 193 турдаги 47821 дона, умумий тахминий қиймати 500 млн сўмдан ортиқ бўлган, контрабанда йўли билан олиб келинган ва қўлбола усулда тайёрланган дори воситалари, шунингдек, 6989 дона дори воситаларининг бўш қутилари, ёрлиқлар, 3 дона дориларни қадоқлаш ускунаси ва 2 қоп йўриқномалар сақланиб келинаётганлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Мазкур дори воситалари “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” ДМга расмий хулоса олиш учун юборилди.

Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари амалга оширилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар кундалик ҳаётда бу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.