Соҳа сердаромад бўлиши билан бирга нозик томонлари ҳам мавжуд. Паррандаларни боқиш, гўшти ва тухумини аҳолига етказиб беришда қатор талаблар мавжудки, уларга амал қилиш бозорга киришда муҳим аҳамият касб этади.

Саховат йирик паррандачилик корхонасида Давлат ветеринария қўмитаси ҳамда «Паррандасаноат» уюшмаси билан ҳамкорликда пресс-тур ташкил этилди. Юртимиз бозорларни сифатли гўшт маҳсулоти билан таъминлаб келаётган корхонада «Даладан пештахтагача» ёпиқ цикли жорий қилинган бўлиб, озуқа етиштириш, товуқларни боқиш, нимталаш, қадоқлаш ва сотиш нуқтасигача етказиб бериш йўлга қўйилган. Албатта, бу барча босқичларда юқори сифатни таъминлаш имконини беради.

Корхонада жўжалар прибиотик ва ўстириш гармонларисиз, табиий дон билан боқилмоқда. Кўплаб харидорларнинг ишончини қозонган «Саховат» ўтган йили 144 миллиард сўм даромад кўрган. Импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, ички бозорни гўшт ва тухум маҳсулотлари билан таъминлаш баробарида Қозоғистон, Тожикистон, Афғонистон давлатларига ҳам экспорт қилади.

Таъкидлаш жоиз, зотдор паррандаларни кўпайтириш, парвариш қилиш ва озиқлантириш бўйича илғор технологияларнинг амалиётга жорий этилаётгани паррандачилик корхоналарида юқори ишлаб чиқариш кўрсаткичларига эришиш ва уларнинг барқарор фаолият юритишини таъминлаш имконини бермоқда.

— Соҳага давлат томонидан катта эътибор берилмоқда. Жорий йилда тармоқ янги имтиёзлар ва субсидиялар олди. ҚҚС тўловчилар сотилган ҳар бир тухум учун давлат бюджетидан 50 сўм ва сотилган ҳар бир килограмм гўшт учун минг сўм оладилар. Шунингдек, кредитлар бўйича ҳам фоизларнинг бир қисми қопланмоқда. — дейди Давлат ветеринария қўмитасининг биринчи ўринбосари Баҳодир Исаев

Пресс-тур давомида экспертлар корхона маҳсулотларининг хавфсиз ва фойдали экани хусусида фикр билдиришди. Жумладан, бу ерда боқилаётган «Росс 308» зотли жўжалар ўстириш гармонларисиз табиий йўл билан вазн орттиради. Демак гўштнинг экологик софлиги сақлаб қолинади. Шунингдек, санитария жиҳатидан ҳам хавфсиз муҳит яратилган бўлиб, доимий равишда ветеринария кўриклари ўтказилиб, жўжалар касалликларга қарши эмланади. Маҳсулотлар корхона лабораториясида текширувдан ўтқазилиб, биологик хавфсизликни мустақил баҳолаш учун намуналар давлатимиз, қолаверса, Россия, Европа мамлакатларининг аккредитациядан ўтган лабораторияларига юборилади. Бир сўз билан айтганда, корхона фаолиятида сифат ва барака уйғундир.

Феруза ЖЎРАЕВА