Бироқ, бунда ҳамкорликда иш олиб бораётган 50 дан ортиқ давлат ташкилотларидан бирортаси хизмат кўрсатиш тартибини бузиши, тизимдаги занжир узилди дегани. Яъни, давлат хизматларини шаффоф тарзда кўрсатиш учун интеграция қилинган давлат идоралари бирдек масъулиятни ҳис қилиши керак.
Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2021 йилнинг 1-чораги давомида жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида 108 мингдан ортиқ қонун бузилишлар аниқланган. Шундан, 79 мингдан ортиқ муддат бузилиши, қарийб 20 мингга яқин тўғридан-тўғри давлат хизмати кўрсатиш ва 1 129 та ҳолатда ортиқча ҳужжат талаб қилиш ҳолатларига тўғри келган.
Давлат хизматларини кўрсатиш тартибини бузиш билан боғлиқ бўлган энг кўп қонун бузилиш ҳолатлари коммунал ташкилотлар (88 509 та), соғлиқни сақлаш муассасалари (6 199 та), кадастр органлари (3 831 та), давлат солиқ органлари (1 405 та) ва қурилиш органлари (1 369 та)да қайд этилди.
Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан давлат органлари ва бошқа ташкилотларга огоҳномалар, тақдимномалар киритилди ҳамда айбдор шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилди.
Қўлланилган таъсир чоралари натижасида 356 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилиб, улардан 20 нафар шахс эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, шунингдек 922 нафар шахсга нисбатан маъмурий жарима жазоси қўлланилди.
Хабарингиз бор, давлат хизматлари марказлари орқали давлат хизматларини жорий этиш жараёнида амалдаги тартибни соддалаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқлар, қоғозбозлик ва коррупциявий омилларини бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Бу жараёнда айрим давлат ташкилотларининг сусткашлиги халқимизнинг давлатга ишончини камайишига сабаб бўлади. Жумладан, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Қурилиш вазирлиги, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, «Ўзархив» агентлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, «Ўзсувтаъминот» АЖ, туғруқхона ва шифохона туғруқ бўлимлари Давлат хизматлари марказлари орқали хизматларини ўз вақтида жорий этиш чораларини кўрмаган. Натижада, қайд этилган идораларнинг масъул ходимлари маъмурий жавобгарликка тортилди.
Давлат хизматлари агентлиги мониторинг ва ўрганишлар, унинг натижасида таъсир чораларини қўллаш билан кифояланмай, мунтазам равишда масъул идоралар ходимлари иштирокида ўқув семинарлари, вебинарлар ташкил этиб келмоқда. Мақсад – аҳолига давлат хизматларини кўрсатишда мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаш, вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда уларга ечим топишдан иборат.
Аслида ҳақиқий ҳаёт рақамларда акс этади. Бироқ рақамлар, ҳисоботлар ўз йўлига. Демоқчи бўлганимиз бошқа...
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилганлигига 4 йил бўлади. Ўтган вақт мобайнида ўнлаб ҳисоботларда «Фалонча ташкилот ходимларини маъмурий жавобгарликка тортдик», «Писмадонча раҳбарларга огоҳлантириш бердик» қабилидаги рақамларнинг камаймагани бизни ташвишга солади, аслида. Чунки бу рақамлар давлат хизматлари агентлиги тизимидан ташқари ҳамкорликда иш олиб бораётган, интеграция қилинган ваколатли органларнинг ҳали ҳам халқ манфаатлари йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятини англаб ета олмаётганини билдиради.
Улуғбек Маҳмудов,
Давлат хизматлари агентлиги
бошқарма бошлиғи