Қайд этилишича, истеъмолчи ўз хонадонининг том қисмини ёпиш мақсадида Касби туманида жойлашган “Тилак Остон” хусусий корхонасига қарашли қурилиш моллари савдо дўконидан жами 180 дона шиферни 8 миллион 100 минг сўмга сотиб олган. Уйнинг том қисми шифер билан ёпилганига кўп бўлмасдан,  сифатсизлиги сабаб шиферларда ёриқлар ҳосил бўла бошлайди.

Бир неча ҳафта ичида шиферларнинг ҳаммаси яроқсиз ҳолга келиб қолади. Э.Саидовнинг ўзига етказилган зарарни қоплашни сўраб тадбиркорга қилган мурожаати эса эътиборсиз қолдирилади. Мурожаат ўрганилиши натижасида томга ёпилган шиферлар ҳақиқатан ҳам ўта сифатсизлиги, тўлиқ яроқсиз ҳолга келиб қолгани аниқланди.

Сотувчига истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунчилик талаблари тушунтирилди ва сифатсиз шиферлар сифатлисига алмаштириб берилиши таъминланди.

Яна бир мурожаат Наманган вилояти Давлатобод туманида яшовчи Ф.Тўрабоевадан келган. Қайд этилишича, истеъмолчи 2021йил июль ойида Наманган шаҳрида жойлашган  дўконларнинг биридан 12 ойга бўлиб тўлаш шарти билан стол-стул сотиб олган. Мебель уйга олиб келиб берилганида 5 дона стул яроқсизсизлиги маълум бўлган.

Фуқаро шу куннинг ўзида  сифатлисига алмаштириш мақсадида стулларни дўконга қайтариб юборади. Орадан 4 ой вақт ўтган бўлса-да, маҳсулот истеъмолчига қайта етказиб берилмаган. Истеъмолчи тадбиркорга қайта-қайта мурожаат қилавергач, жорий йилнинг 10 январь куни дўкон ходимлари истеъмолчи билан боғланиб, қисқа муддатда барча маҳсулот қайтадан таъмирлаб берилишини айтиб, қолган стулларни ҳам олиб кетади.

Лекин маҳсулотлар истеъмолчига ўз вақтида қайтариб берилмайди. Мурожаат ўрганилиши натижасида маҳсулот учун тўланган жами 2 950 000 сўм пул  истеъмолчига қайтарилишига эришилди.