Экспертлар СOVID-19 пандемиясидан кейинги даврда силнинг дориларга чидамли турлари кенг тарқалаётганидан хавотирда.
Шунга қарамай, Ўзбекистонда бу касалликни аниқлаш ва даволаш борасида катта ютуқларга эришилмоқда. Беморларни дарддан халос қилиш учун юқори технологик амалиётлар жорий қилиняпти.
Бунда Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳиссаси катта.
— Ўтган йили мамлакатимизда аҳолининг сил билан касалланиш кўрсаткичи 3,7 фоизга камайди, — дейди марказ директори Наргиза Парпиева. — Бунда муассасамиз ва унинг Фарғона вилояти филиалида “BD MAX” деб номланувчи илғор ташхис усули жорий қилингани муҳим аҳамият касб этди.
Айтиш жоизки, “BD MAX” – тўлиқ автоматлаштирилган молекуляр-диагностика қурилмаси. У биологик таҳлил намунасидан сил микобактериясини ПЗР усулида тезкор аниқлаш имконини беради.
Мазкур технология инсон омили иштирокини камайтириб, биохавфсизликни оширади ва 2–3 соат ичида ишончли ташхис натижаларини тақдим этади.
Бундан ташқари, туберкулёзнинг кўп дориларга чидамли шаклларида 6 ойлик қисқа даволаш курслари жорий этилиши беморларни тезроқ соғайтириш ҳамда ҳаёт сифатини яхшилаш имконини бермоқда.
Қолаверса, ўтган йили барча вилоятлар, олис ва чекка ҳудудлардаги “Ўпка саломатлиги” мобиль бригадалари ультрапортатив рентген, сунъий интеллект ёрдамида ташхислаш комплекслари ва 2 модуллик “GeneXpert” ускуналари билан жиҳозланди.
Умуман, 2025 йил давомида марказимизда 12 турдаги янги диагностика ва даволаш усули амалиётга жорий этилди.
Жумладан, каминвазив артротомия усулида чаноқ-сон ва тизза бўғимларида туберкулёздан кейинги асоратларни бартараф этиш, фтизиоурологияда уретра транспозицияси ҳамда сигмоцистопластика каби мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилди.
Албатта, бундай ютуқларга эришишимизда ўтган йили марказнинг 35 нафар мутахассиси Дания, Хитой, Россия, Беларусь каби хорижий давлатларда малака ошириб қайтгани айни муддао бўлди.
Ўз навбатида, Хитой, Беларусь, Латвия, Нидерландия ва Қозоғистоннинг етакчи тиббиёт муассасалари ҳамда халқаро ташкилотлари билан 6 та меморандум ва ҳамкорлик келишувини имзоладик. Бу эса келгусида илмий тадқиқотлар, кадрлар тайёрлаш ва инновацион технологиялар алмашинуви учун мустаҳкам замин яратди.
Бинобарин, ўтган йили марказимизда 125 нафар хорижий фуқаро даволанди. Уларнинг 78 нафарида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.
2026 йилда олдимизга янги мақсадлар қўйганмиз. Хусусан, охирги 3 йил мобайнида суъний интеллект дастури билан жиҳозланган 50 та ультрапортатив рентген ускунаси барча вилоятларга етказилган бўлиб, бу йил респиратор касалликлар кўп учрайдиган туманлар яна 40 та "сунъий идрок"ка асосланган мобиль рентген ускунаси билан таъминланади. Бу технология ёрдамида барча маълумотлар “DHIS-2” ягона электрон реестрига жамланиб, касалликларни таҳлил қилиш ва прогнозлаш имконияти яратилади.
Шу билан бирга, марказ фаолиятини трансформация қилиш ва кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида хорижий тиббиёт муассасаларидан қатор тажрибали экспертлар, тиббий менежерлар жалб қилиниши муҳим янгиликдир.
Улар сафидан ЖССТ, John Snow Institute, STOP TB, Swiss TPH институти, LEAP TB Global халқаро лойиҳаси каби нуфузли ташкилот ва тузилмаларнинг халқаро консультантлари ўрин олган.
Шунингдек, маҳаллалар даражасида ихтисослашган тиббий хизматни кучайтириш, телетиббиётни ривожлантириш, 1 миллион нафар аҳолини латент сил инфекциясига текшириш, олис ва чекка ҳудудларда яшовчи 200 минг кишини бепул тиббий кўрикдан ўтказиш режалаштирилган.