Ташриф давомида Сингапур таълим тажрибасини ўрганиш ҳамда мамлакатимизга татбиқ этиш бўйича бир қатор вазирлик ва идоралар билан музокаралар ўтказилмоқда.

Хусусан, ташрифнинг илк кунида Таълим инспекцияси вакиллари ва Сингапурдаги нодавлат олий таълим муассасаси “TMC Academy” бош директори ўринбосари Кендрик Тан билан учрашув ташкил қилинди.

Кендрик Тан “TMC Academy”нинг Тошкентдаги филиали фаолиятини янада кенгайтириш режаси билан ўртоқлашди. Хусусан, институтнинг моддий-техник базаси ва таълим фаолияти икки босқичда кенгайтирилади;

биринчи босқичда кейинги икки йил давомида умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларидан ошмаган 2 та янги ўқув биноси қурилади;

иккинчи босқичда Республиканинг бошқа ҳудудларида (хусусан, Тошкент вилоятида) институтнинг янги кампусларини қуриш режалаштирилмоқда.

Шундай қилиб, кейинги беш йилда қарийб 40 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция киритиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, томонлар Ўзбекистон меҳнат бозорида талаб юқори бўлган соҳаларда (ахборот технологиялари, молиявий технологиялар, киберхавфсизлик ҳамда докторантура дастурлари) кадрлар тайёрлашни йўлга қўйишга келишиб олишди.