Қўмита маълумотига кўра, ўрганишлар аҳолига кўрсатилаётган пуллик тиббий хизматлар нархларининг шакллантирилишида қонунчилик талабларига риоя этилиши юзасидан олиб борилган.

Сирдарё вилоятидаги Гулистон тиббиёт кластерида ўтказилган текширувда муассаса 2024 йил давомида 110 турдаги пуллик тиббий хизмат бўйича ҳисоб-китобларда хатоликка йўл қўйгани аниқланган. Бунинг натижасида 100 минг нафарга яқин фуқародан 340 миллион сўмга яқин маблағ асоссиз ундирилган.

Шундан сўнг ҳудудий бошқарма махсус комиссияси томонидан Гулистон тиббиёт кластерига ушбу маблағни истеъмолчиларга қайтариш бўйича мажбурий кўрсатма берилган.

Жиззах вилоятидаги Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази филиалида ҳам шунга ўхшаш ҳолат аниқланган.

Текширувларга кўра, 2023–2025 йиллар давомида пуллик тиббий хизматлар нархи нотўғри ҳисобланиши оқибатида 40,5 мингга яқин мижоздан 100 миллион сўмдан ортиқ маблағ асоссиз олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан муассасага нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, маблағни истеъмолчиларга қайтариш бўйича мажбурий кўрсатма берилган.