Биринчи босқич синов тариқасида Сирдарё вилоятида амалга ошириляпти. Иккинчи босқич 2023 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Навоий, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида, учинчи босқич эса 2025 йилдан бутун мамлакат бўйлаб татбиқ этилиши кўзда тутилган.

Хўш, ўтган бир йил давомида Сирдарё тажрибаси қанчалик ўзини оқлади?

— Аввало, лойиҳа доирасида вилоятда яшовчи 852 мингдан зиёд аҳолининг электрон реестри шакллантирилди, — дейди Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ижро этувчи директори Фаррух Шарипов. 

— Беморлар ташхиси, касаллик тарихи ва муолажа ҳолати ҳақидаги барча маълумотлар электрон базада жамланмоқда. Бу эса хасталикларни эрта аниқлаш ва олдини олиш, қолаверса, шифокорлар фаолиятини баҳолашда қўл келяпти. 

Бу бемор учун ҳам, шифокор учун ҳам анча қулай. Чунки электрон базадан маълумотлар тез топилади. Олдинги ташриф ва текширувлар натижалари билан врач бир неча дақиқа ичида тўлиқ танишиши мумкин. 

Ваҳоланки, тиббий карталарнинг қоғоз шаклида беморлар ҳамширанинг рўйхатга олиши, карталарни қидириб топиши ва шифокор ёзувларни кўздан кечиришини кутиб, кўп вақт йўқотарди.

Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш жараёнида бирламчи тиббиёт муассасаларида шифокоролди кўриги учун белгиланган стандартларга мос хоналар ташкил этилди. 

Натижада бир беморни кўриш, ташхис қўйиш, муолажаларни ўтказиш учун оилавий шифокор аввалгидек ўртача 5-6 дақиқа ўрнига, 15-20 дақиқа вақт ажратиш имкониятига эга бўлди. 

Шифокоролди кўрик хонасида амалиётчи ҳамширалар беморни мустақил текшириб, юқумли бўлмаган (юрак-қон томир, қандли диабет, нафас олиш органлари) касалликлар хавфини баҳолаши учун дастлабки скринингдан ўтказади. 

Шикоятларини қайд этади ва зарур ҳолларда оилавий шифокор қабулига йўналтиради. Дастлабки кўрик натижасида оилавий шифокор қабул қиладиган беморлар сони ортиб, уларни тор соҳа мутахассисларига йўналтириш ўртача 16 фоизга камайди.

Энг муҳими, тиббиёт муассасасига келган беморлар энди навбат кутиб турмайди. Улар олдиндан, ўзига қулай вақтда электрон навбатга ёзилади.
 
(Давоми бор!)