Унга биноан маҳаллалар ва аҳоли хонадонлари даражасигача қамраб оладиган тиббий-санитария муассасаларида врач, терапия ҳамшираси, педиатрия ҳамшираси, доя, патронаж ҳамширалардан иборат «Тиббиёт бригадалари» ташкил этилиб, аҳолининг антропометрик кўрсаткичларини ўлчаш, хавф гуруҳига мансуб аҳоли қатламини аниқлаш ва хатловдан ўтказиш ишлари бошлаб юборилди.
Тадбир бошидан буён 791 510 нафар аҳоли шундан 518 минг нафар катта ёшдаги фуқаролар, 272 минг 297 нафар болалар хатловдан ўтказилиб, антропометрик кўрсаткичлари ўлчаб чиқилиб, шундан 154 минг 378 нафар фуқаро соғлом хавф гуруҳига, 356 минг 226 нафар фуқаро иккинчи хавф гуруҳи яъни паст хавф гуруҳига, 257 минг 352 нафар фуқаро ўрта хавф гуруҳига, 23 минг 554 нафар фуқаро юқори хавф гуруҳига ажратилди, деб хабар беради Сирдарё вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати.
Бу ишларни самарали бажариш учун Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги Тиббиёт муассасалари томонидан 421 та тиббий бригадалар ташкил этилиб, унга 234 нафар оила шифокори ҳамда 1 883 нафар ўрта тиббиёт ходимлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларининг 224 нафар фаоли жалб этилди. Ушбу «Тиббиёт бригадалари» маҳаллий бюджет ва қўшимча даромадлар ҳисобидан тарози, пульс-оксиметр, тонометр, мобил, ЭКГ аппарати билан таъминланди.
Қолаверса, ушбу хатлов ишлари вилоятда ниҳоялагач, аҳоли саломатлик ва физиологик ҳолатидан келиб чиққан ҳолда, паст хавф гуруҳи, ўрта хавф гуруҳи, юқори хавф гуруҳига вилоятда ажратилади ва белгиланган гуруҳ асосида белгиланган муддатларда тиббий кўриклардан ўтади ва кузатувга олинади. Юқори хавф гуруҳига кирган ва мустақил равишда Тиббиёт муассасасига кела олмайдиган беморларга уй шароитида индивидуал тиббий хизмат кўрсатиш ишлари вилоятда йўлга қўйилади.