Давлат идоралари, жамоат ташкилотлари жамоалари, ёшлар, маҳаллалар аҳли вакиллари улуғ шоирга ҳурмат-эҳтиром рамзи сифатида унинг ҳайкали пойига гуллар қўйишди, иқтидорли ёшлар, “Ёш китобхон” танловининг вилоят босқичи ғолиблари шоир қаламига мансуб шеър ва ғазалларидан намуналар ўқишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси жаҳон адабиёти тарихида ҳамда миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутиши ҳақида тўхталиб ўтишди.

Таъкидланганидек, Алишер Навоий бутун ҳаёти давомида адабий асарларни сиёсат билан бирлаштирган. Юқори мансабга эга шахс бўла туриб, у мамлакат ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий такомиллашишига катта ҳисса қўшган. Илм, фан, санъат ривожига ҳомийлик қилган. Тинчлик ва тотувлик ҳукмрон суришига доим ҳаракат қилган. Ўз даврида Навоий Ҳирот шаҳрида ва бошқа вилоятларда ўз ҳисобидан бир нечта мадраса, 40 та работ, 17 та масжид, 10 та сўфийлар турар жойи, 9 та ҳаммом, 9 та кўприк ва бошқаларни қурдиради.

Дарҳақиқат, Навоийнинг кўп рубоийлари,  достонлари ҳам халқни қай йўсинда бахтли-саодатли қилмоқ мумкин, деган саволларга жавоб тариқасида ёзилгандир. Жумладан:
 
Одамий эрсанг демагил одами,
Оники, йўқ халқ ғамидин ғами.

Шоир бу байтни шунчаки ёзиб қўймаган – бутун вужуди, тафаккури, ҳаёти ва ижодини халққа бағишлаган бу буюк инсон шу шиорни ўз ҳаёти ва фаолиятининг моҳияти деб билган ва бошқаларга ҳам тўхтовсиз тарғиб қилган. Бундай пурмаъно сатрлар том маънода Ўзбекистоннинг бугунги ҳаётида ҳам ҳамоҳанглик касб этмоқда. Инсон қадри улуғланаётган юртимизда халқни рози қилиш, уларнинг орзу армонларини рўёбга чиқариш йўлида меҳнат қилаётган замондошларимиз учун буюк мутафаккир бобомизнинг боқий сатрлари муҳим дастуриламалдир.

Буюк шоир таваллуд кунига бағишланган тадбирларнинг адабий-бадиий қисми Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида давом этди. Унда “Лиссон-ут тайр” асари асосида саҳналаштирилган “Қуш тили” спектакли намойиши бўлиб ўтди.

Алишер Навоий таваллудига бағишланган мушоиралар, назм ва наво кечалари, адабиёт байрамлари вилоят бўйлаб давом этмоқда, деб ёзади Сирдарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг телеграм каналида.