Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати расмлари
Дастлаб тадбиркор ва фермер аёллар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси бўлиб ўтди.
80 нафардан зиёд тадбиркор, ишбилармон ва фермер аёллар иштирок этган танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ўзларининг ишлаб чиқарган маҳсулотларини намойиш қилиб, ғолибликни қўлга киритган 11 нафар тадбиркор ва фермер аёлларимиз ҳудудий босқичгача етиб келди.
Кўрик-танлов Низомига кўра ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаш жараёнида иштирокчилар томонидан янги иш ўринлари яратиш, экспорт салоҳияти, инвестициялар жалб этиш ва шу каби мезонлар алоҳида эътиборга олинди.
Шунга кўра, ишбилармон аёл мақомига муносиб кўрилган 1, 2, 3-ўринни олган иштирокчилар ва турли номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Ҳакамлар ҳайъатининг хулосаларига кўра, Сайхунобод туманидаги «Олимжон қизи Шоирахон» фермер хўжалиги раҳбари Шоира Шаматова ғолиб деб топилди. Мазкур фермер хўжаликда бугунги кунда 10 дан ошиқ доимий, 50 га яқин мавсумий иш ўрни яратилган. Эътиборга молик томони, уларнинг 4 нафари «Аёллар дафтари»га, 3 нафари эса «Ёшлар дафтари»га киритилган.
Иккинчи ўринга Янгиер шаҳридаги «Бекажон Ян» хусусий корхонаси раҳбари Эркиной Мамажонова лойиқ, деб топилган бўлса, учинчи ўрин Сардоба туманидаги «Нурафшон дала сари» фермер хўжалиги раҳбари Айсара Маматқуловага насиб этди.

Шунингдек, «Замонавий ташаббускор аёл», «Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли», «Қишлоқни ижтимоий ривожлантиришда фаоллик кўрсатган фермер аёл», «Инвестицияларни жалб қилишда ташаббус кўрсатган ишбилармон аёл» ва «Энг ёш, фаол аёл тадбиркор» номинациялари бўйича ғолиблар ҳам аниқланди, деб хабар беради Сирдарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.