Илгарилари ўтказилган профилактик ва чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўрнига мақсадли скрининг, тотал патронаж хизмати тизими ўрнига эса ҳамшираликнинг универсал-прогрессив патронаж тизими йўлга қўйилди.
Олдинлари бирламчи тиббий-санитария муассасаларида фаолият олиб борган Умумий амалиёт шифокори (УАСЪҲ) Оилавий шифокорларга айлантирилиб, уларнинг функция ва вазифалари белгилаб берилди.
Янги тартиб асосида ташкил этилган Оила шифокорлари маҳаллабай тизимда иш олиб боради. Вилоятдаги 236 та маҳалла, унда истиқомат қилаётган аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун тизимдаги бирламчи тиббий-санитария муассасаларида 421 та «Тиббий бригадалар» ташкил этилди ва улар томонидан аҳолини барча қатлами қамраб олинди.
Ушбу ишни тартибли ва мукаммал юритиш мақсадида, Соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимида фаолият олиб бораётган мутахассислардан 10 нафари Тошкентда малака ошириб қайтганди. Улар томонидан Гулистонда ана шу соҳа вакиллари учун ўқув семинари ҳам ташкил этилиб, уларнинг малакаси оширилди.
Шунингдек, янги тизимни тўғри йўлга қўйиш учун қўшимча штатлар ажратилиб, 268 нафар ўрта тиббиёт ходими муқим иш жойлари билан таъминланди. Энди улар аҳоли саломатлигини маҳаллабай ва кўчабай ўрганиб, фуқароларга тиббий хизмат кўрсатади, деб хабар беради Сирдарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.