Жорий йилнинг 8 февраль куни «Ўзенергоинспекция» марказий аппарати мутахассислари томонидан Сирдарё туманида жойлашган «П.М.Г.» МЧЖга қарашли АГТКШДА назорат тадбири ўтказилган.

Мутахассислар АГТКШнинг газ ҳисоблагичини кўздан кечиришга борганда, шохобчанинг газ ҳисоблагичи ўрнатилган хонадан номаълум шахс қўлида ҳар хил кабеллар билан чиқиб, ушбу жойдан қочиб кетган.

Шундан сўнг, газ ҳисоблагич кўздан кечирилганда ҳисоблагичнинг алоқа тармоғи (порти) узилмагани кузатилиб, ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатилгани шубҳа қилиниб, ҳисоблагич конфигурацияларини текширтириш учун ечиб олиниши билдирилганда, АГТКШ раҳбарлари томонидан тўсқинлик қилинган ва ҳисоблагични ечиб олишга қаршилик кўрсатилган.

Шу вақтда кутилмаганда Сирдарё тумани ИИБ тезкор вакили келиб, «Ўзенергоинспекция» мутахассиси А.Н. га тегишли автомашинани кўздан кечириб, шубҳали равишда номаълум модда топиб, воқеа жойидан мутахассисни олиб кетган.

Ушбу ҳолат юзасидан Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган текширувларга кўра (АГТКШнинг видео камераларида қайд этилган лавҳаларга кўра) АГТКШ тегишли шахслар томонидан қасддан уюштирганлиги аниқланди.

Тадбир давомида, жамиятга қарашли газ ҳисоблаш ускунасини маълумотлар базасига ташқи таъсир кўрсатилганлиги аниқланди.

Дастлабки ҳисоб-китобларига асосан давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 5 млрд 740 млн сўмни (2,2 млн м3) ташкил этган.

Аниқланган ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Прокуратура органига юборилди.

Маълумот учун: Ушбу тадбиркорлик субъектида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш такроран содир этилган бўлиб, яъни инспекция мутахассиси томонидан 2024 йилда мазкур АГТКШ раҳбарига қарашли Сирдарё вилоятида жойлашган 2 та АГТКШда («С.А.Л.» ва «М.Г.» МЧЖлар) табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаб, жами 28,3 млрд сўмлик зарар ҳисоб-китоб қилинган.