Сирдарёда соғлиқни сақлаш тизимининг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмлари бўйича тажриба-синов лойиҳасини ишга тушириш учун тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди.
Президентимизнинг тегишли Фармон ва Қарорларига мувофиқ, давлат тиббий суғурта тизимини 2021 йилнинг 1 июлидан 2022 йилнинг охирига қадар Сирдарё вилоятида тажриба-синов тариқасида апробациядан ўтказиш бўйича соҳа ходимларига муҳим вазифа ва топшириқларни берган эди.
Шунга биноан, юртимизда Давлат тиббий суғурта жамғармаси ташкил этилди. Унинг дастлабки бўлими Сирдарёда очилди. Қолаверса, янги тизимини Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани ҳамда Гулистон ва Янгиер шаҳарларда жорий этиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика Давлат тиббий суғурта жамғармаси ва Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимлари томонидан тегишли миллий ва халқаро ташкилотлар, илм-фан муассасалари, малакали экспертлар билан ҳамкорликда ишлар йўлга қўйилди.
Бугун давлат тиббий суғурта тизими ва уни Сирдарёда ишга тушириш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Республика Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси директори Фаррух Шарипов, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳамда Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти мутахассислари, давлат тиббий суғуртасини Сирдарёда ишга тушириш учун кетадиган маблағларни ҳисоб китоб қилиб молиялаштириш мақсадида Молия вазири ўринбосари Жамшид Абруев бошчилигидаги ишчи гуруҳ вилоятга ташриф буюришди. Уларга Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори Рустам Юлдашев ва тегишли соҳа ходимлари ҳамроҳлик қилишди.
Улар дастлаб Боёвут туман тиббиёт бирлашмасида бўлишди. Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий қилиш ва апробациядан ўтказиш ишлари билан атрофлича танишди. Шундан сўнг Боёвут туманини Истиқлол, Бобо юрт, Муқимий, Марказий маҳалла, Озодлик маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисига хизмат кўрсатувчи туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 1-сонли Оилавий поликлиникада ҳамда Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли Кўп тармоқли оилавий поликлиникада бўлишиб тайёргарлик ишлари билан атрофлича танишишди. Соҳа ходимларини фикри ва мулоҳазаларини тинглашди.
Барча саволларга шу жойнинг ўзида жавоб бериб, давлат тиббиёт суғурта тизимини ишга тушириш борасида олиб борилаётган ишларни жадаллаштириш бўйича соҳа ходимларига кўрсатма ва топшириқ берди, деб хабар беради Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати.