Ўзбекистон Республикаси ИИВ, ДХХ, Сирдарё вилояти ИИБ ҳамда ДХХ Сирдарё вилоят Бошқармаси ходимларига келиб тушган маълумотларга кўра, вилоят ҳудудида фаолият кўрсатувчи бир неча хусусий клиника, аптека, иссиқхона, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, тижорат дўконлари ва бошқа тармоқ савдо мажмуаларини ўз ичига олган МЧЖ раҳбари – хусусий тадбиркор Д.Мнинг жорий йилнинг 5 феврал куни яшаш манзилидан онаси К.И.ни тўйхонага олиб бориш мақсадида бошқарувидаги «Малибу-2» автомашинасида ҳаракаланиб кетаётган вақтида унинг олдидан нотаниш «Нексия-2» русумли автомашина тўсади.
Машинадан ўзига олдиндан таниш бўлган ва муқаддам бир неча маротаба судланган А. Э. (лақаби «местний») ўзининг 2 нафар ниқобланган шериклари билан Д.М.нинг бўйнига ўткир тиғли пичоқ тираб, уларга зудлик билан 45.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни тўлаб беришини талаб қилиб, бу хақда ҳуқуқ тартибот идораларига хабар қилган тақдирда онасини гувоҳлигида ўлдириб кетишлари ва ҳеч нарсадан қайтмасликлари хақида тахдид қилиб, бир неча кунга муҳлат беришади.
Шундан сўнг А.Э. ўзи сингари муқаддам бир неча маротаба судланган Р.Б. (лақаби «боксёр») билан бирга жабрланувчи Д.М.нинг яшаш манзилига бориб, талаб қилинган пуллардан 17.000 АҚШ долларини зудлик билан топиб беришини ёки бўлмаса ҳозирда ЖИЭМларда жазони ўтаб келаётган танишларини чиқартиришни ёхуд ноқонуний гиёҳванд моддалари билан муомала қилганлиги учун ҳозирда Сирдарё вилояти ИИБ Тергов органлари иш юритувида бўлган жиноят иши бўйича қамоққа олинган Р.Б.нинг қариндоши К. Б. ни ҳар қандай йўллар билан бўлса-да жиноий жавобгарликдан чиқариб беришни талаб қилишиб, ўлдириш билан тахдид қилган.

Мазкур холат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ, ДХХ, Сирдарё вилояти ИИБ ҳамда ДХХ Сирдарё вилоят Бошқармаси ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида, фуқаролар А.Э ҳамда Р.Б лар жабрланувчи Д.М дан товламачилик йўли билан талаб қилинган пуллардан бир қисмини яни 10.000 АҚШ доллари(кимёвий ишлов берилган)ни олган вақти далилий ашёлар билан қўлга олинди.
Ҳозирда холат юзасидан Сирдарё вилоят ИИБ Тергов Бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165- моддасининг тегишли қисмлари билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноятчилар Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 221-моддаси асосида ушланган. Хозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати.