Давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёев таъкидлаганидек, “Янги, демократик жамиятни барпо этиш, келажак пойдеворини қуриш, ҳеч шубҳасиз, ҳар биримиздан қатъиятли ва омилкор бўлишни, янгича фикр юритиш, янгича ишлашни талаб этмоқда. Қадимги юнон файласуфи Суқротнинг “Ўзгаларни ўзгартирмоқчи бўлган инсон, аввало, ўзини ўзгартириши лозим. Бунинг учун эса, аниқ мақсад, толмас ирода ва доимий изланиш керак”, деган ҳикматли ибораси бу борада ҳаммамиз учун асосий мезон бўлиши лозим.
Давлат таълим стандарти ва фан дастури асосида ишлаб чиқилган “Сиёсий маданият ва мафкура” номли ўқув қўлланмада кўпчиликни қизиқтирган сиёсий маданият, онг, мафкура тушунчалари талқини, эволюцияси, элементлари (сиёсий мафкура, сиёсий тафаккур, сиёсий хулқ-атвор, сиёсий кайфият, сиёсий қадриятлар)нинг мазмун-моҳияти, уларни шакллантирган омиллар, сиёсий онг ва маданиятнинг муҳим функциялари, алоқалари, мафкуранинг либерализм, консерватизм, социал демократия каби моделлари, шунингдек, сиёсий маданиятнинг миллий ўзлик, сиёсий етакчилик билан ўзаро боғлиқ жиҳатлари кетма-кетликда очиб берилган.
Сиёсий маданият деганда, ҳар бир фуқаронинг сиёсий тузум ва жамият ҳаёти мақсад-вазифаларини, сиёсий тизимдаги сиёсий даражаси, онги ва маданияти, сиёсий қарашларини англаши тушунилади. Бу фаннинг асосчилари бўлган таниқли ғарб назариётчилари Г. Алмонд, С. Верба сиёсий маданиятни билим (сиёсат ҳақида билим ва тасаввурлар), ҳиссиёт (сиёсатга нисбатан ҳис-туйғулар) ва баҳолаш (сиёсий объектлар ҳақидаги фикрларни қиёслаш) ташкил этишини исботлашган. Мафкураларга келсак, у сиёсий маданиятга нисбатан анча олдинроқ вужудга келган бўлиб, бугун кунда жамиятда шаклланган мафкуравий категориялар миллий давлатчилик пойдеворини мустаҳкамлашда етакчи рол ўйнайди.
Шу жиҳатдан олганда, Бахтиёр Омоновнинг ўқув қўлланмаси юртимиз фуқаролари, хусусан, ёшларимиз учун жамият, сиёсат, иқтисод, миллий ўзлик, маънавий ва сиёсий жараёнларни англаган ҳолда, фаол иштирок этишга даъват қилишига ишонамиз.
Б. Омоновнинг “Ёшлар сиёсий маданияти” номли китоби ҳам долзарб мавзуга бағишлангани билан диққатимизни тортади. Унда бугунги мураккаб глобаллашув шароитида жиддий муаммога айланган ёшлар сиёсий маданиятини такомиллаштиришнинг механизмлари, ёш авлодда ижтимоий-инновацион фаолликни ошириш омиллари чуқур таҳлиллар асосида очиб берилган. Энг муҳим жиҳат шундаки, муаллиф янги китобларида ҳам хорижий ва миллий тажрибаларни қиёсий ўрганиш асосида илмий хулосалар беради, жамиятни қийнаётгган муаммоларни ечишга доир олимона амалий ечимларни таклиф этади.
Китобларга Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети кафедра мудири, сиёсий фанлар доктори, профессор М. Қирғизбоев, Ўзбекистон миллий университети кафедра мудири, сиёсий фанлар доктори, профессор И. Эргашев, Тошкент кимё-технология университети профессори, фалсафа фанлари доктори С. Отамуратовларлар тақриз ёзишган. Ушбу ўқув адабиётлари Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтининг илмий-тадқиқот ишлари режаларига мувофиқ тайёрланган ва нашрга тавсия этилган.
Ўқув қўлланма ва рисола талабалар, магистрлар, таянч докторантлар, изланувчилар, профессор-ўқитувчилар ҳамда кенг оммага мўлжалланган.
Мансур Мусаев,
сиёсий фанлар доктори