Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси томонидан “Сиз келманг, ўзимиз борамиз!” лойиҳаси доирасида вилоятнинг олис ва чекка ҳудудларига борган ҳолда сайёр давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Бундай хизматлар орқали аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотлар ўтказилаётгани, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари жойида ўрганилаётгани, аҳолининг ариза, шикоят ва таклифларини ўрганишда эътиборсизлик, сансалорлик ҳолатларига барҳам бермоқда. Бу эса, жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтиришга хизмат қилади.
Рақамларга назар ташлайдиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган етти ойи давомида мавжуд 22 та Давлат хизматлари марказлари томонидан фуқароларнинг яшаш манзилига борган ҳолда жами 3 минг 95 та сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. Энг кўп сайёр хизматлар Бўстонлиқ, Бўка, Чиноз туманлари ва Ангрен шаҳарларида ташкил этилди. Туман марказларидан олис ҳудудларда ташкил этилган 7 та филиал орқали эса 1,5 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди.
Сайёр хизмат давомида аҳоли бир қатор йўналишлар, жумладан, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича навбатга қўйиш учун ариза бериш, пенсия ва нафақалар миқдори тўғрисида маълумотнома бериш, тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиш, солиқдан қарзи бор ёки йўқлиги ҳақида маълумот олиш бўйича давлат хизматларидан фойдаланмоқда. Шунингдек, сайёр хизмат давомида хизматларни марказларга бормасдан, Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали электрон тарзда олиш ҳам тарғиб қилинмоқда. Мазкур портал орқали мурожаат қилган шахсларга марказга шахсан бориб тўланадиган тўловга нисбатан камроқ тўлаш имконияти, яъни имтиёз бериш орқали қулайликлар яратилган. Бундай қулайликлардан самарали фойдаланиш эса фуқароларимизнинг вақти ҳам, маблағи ҳам тежалишига хизмат қилади. Қолаверса, давлат хизматлари марказларидаги навбат кутишларнинг олди олинади.
“Сиз келманг, ўзимиз борамиз!” Мазкур шиор билан марказ ходимлари фуқароларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилишга яқиндан кўмаклашмоқда, дея хабар беради ДХА Тошкент вилояти бошқармаси матбуот хизмати.