Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг Қўшрабод туманининг "Урганжи" маҳалласида ташкил этилган сайёр қабулида одамларнинг муаммолари тингланиб, уларнинг аксарияти шу жойда ҳал этилди. 

Сайёр қабулда фуқаролар томонидан Давлат хизматлари борасида ҳам кўплаб мурожаатлар келиб тушди. Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Мақсуд Қурбанов, туман Давлат хизматлари маркази ходимлари, туман ФҲДЁ мудираси Гулчирой Ярқулова ҳар бир мурожаат эгаси билан алоҳида суҳбатлашиб, уларни қизиқтираётган масалалар, муаммоларига қулоқ тутишди. Замонавий тарзда жиҳозланган мобил автобусда эса аҳолига сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.

Жумладан, "Қирқовул" қишлоғида яшовчи Х. Тоштемирова электр тармоқларига уланиш бўйича мурожаат қилди. Фуқаронинг аризаси расмийлаштирилиб, қисқа муддатда ҳал этиладиган бўлди. 

Шунингдек, "Чиммос" МФЙ да яшовчи 34 ёшли К. Иброҳимова турмуш ўртоғининг паспорти йўқлиги сабабли 2014 йилда туғилган фарзандига ёлғиз она сифатида туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома расмийлаштиртиришга мажбур бўлгани, аммо бу хатоси айрим муаммоларни келтириб чиқараётгани боис, оталикни тиклаб, қайта гувоҳнома олиш борасида мурожаат қилди. 

"Урганжи" маҳалласидан М. Эрназарова Давлат хизматлари кўрсатиш тизимида ишлаш нияти борлигини айтиб, ўз таклифларини ўртага ташлади. Фуқарога бошқарма бошлиғи соҳага ишга олиниш тартиби борасида ҳуқуқий тушунтиришлар берди ҳамда унга бу борада амалий ёрдам кўрсатиладиган бўлди. 

- Неварам 2019 йилда уй шароитида туғилган, - дейди Яхшигул Бекназарова. - Афсуски, турли сабаблар билан унга шу пайтга қадар туғилганлик гувоҳномасини олиб бера олмадик. Бугунги сайёр қабулда шу муаммо ҳал бўлди. Мутахассислар аризамни кўриб чиқиб, шу жойда гувоҳномани расмийлаштириб беришди. 

Қабул давомида соҳага оид шу каби кўплаб мурожаатлар жойида қабул қилинди. Бундан ташқари, Президентимизнинг ПФ-6191-сонли фармони асосида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан сўралиши бекор қилинаётган 10 дан ортиқ ҳужжат ва маълумотномалар тўғрисида ҳам тарғибот ишлари олиб борилди. 

ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати