Эндиликда юртимизда мазкур халқаро нотижорат бирлашмасида белгиланган стандартлар асосида касб-ҳунар марказларини тамомлаганларга “Skills pasport” бериш йўлга қўйилади.

Бугун одамларни иш билан таъминлаш, бирор фаолият турига жалб этишнинг энг самарали йўли уларни касб-ҳунарга ўқитиш экани мамлакатимиз тажрибасида яққол намоён бўлмоқда. Ўтган қисқа вақт ичида ёшлар, айниқса, ишсиз аҳоли қатламини бу тизимга жалб қилиш, келгусида олий таълимни давом эттиришидан қатъи назар, уларга ҳаётида асқатадиган бирор ҳунарни ўргатиш, эгаллаган касби бўйича бўш иш ўринлари яратиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланган.

2020 йилнинг 17 январида мамлакатимиз дунё бўйича касб-ҳунар таълими мақоми ва стандартларини ошириш, халқаро танловлар орқали замонавий касбларни оммалаштиришни мақсад қилган “WorldSkills International” халқаро ҳаракатига 83-аъзо сифатида қабул қилинди. Эндиликда юртимизда мазкур халқаро нотижорат бирлашмасида белгиланган стандартлар асосида касб-ҳунар марказларини тамомлаганларга “Skills pasport” бериш йўлга қўйилади.

Президентимизнинг 2020 йил 11 августдаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, бундай касбий малака паспорти 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб “Ишга марҳамат” мономарказлари ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш марказларида синов имтиҳонлари асосида топширилади.

Янги паспорт кимларга берилади?

Ёшлар орасида катта қизиқиш ва муҳокамаларга сабаб бўлаётган касбий малака паспорти дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатида тан олинади. Ушбу паспорт меҳнат вазифалари ва асосий кўникмаларнинг батафсил тақсимланишини таъминлаб, ҳар бир кишининг муайян йўналишдаги қобилиятни қанчалик эгаллаганини алоҳида қайд этади. Жараёнда касб-ҳунарга ўқитиш марказлари битирувчиларининг касбий малакаси “WorldSkills International” халқаро стандартлари орқали баҳоланади ва техник кўникмалар, алоқа ҳамда ташкилотчилик қобилияти сингари бир қатор мезонлар асосида ВС стандартлари шакллантирилади. Бу стандартлар ўзгарувчан бўлиб, доимий тарзда такомиллаштириб борилади.

— Айни пайтда кўплаб давлатларда кенг қўлланилаётган мазкур касбий малака паспорти ўрта махсус касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштирилади ва эгаллаган билимларни меҳнат фаолиятида қўллаш ҳуқуқини беради, — дейди “Ишга марҳамат” мономаркази директор ўринбосари Надима Тошметова. — Бундай паспортни мамлакатимизда халқаро стандартлар бўйича ўтказиладиган имтиҳонларни муваффақиятли топширган исталган киши ёки касб-ҳунарга ўқитиш марказлари битирувчилари олиши мумкин. Яъни ўрта таълимни тамомлаган, ўз билим ва кўникмасига ишонган 16 ёшга тўлган ҳар қандай фуқаро “Ишга марҳамат” мономаркази ёки ҳудудлардаги касб-ҳунар таълими марказларида рўйхатдан ўтиб, белгиланган вақтда имтиҳон топшириши мумкин. Имтиҳон “WorldSkills International”  халқаро бирлашмаси мутахассислари томонидан ўтказилади. Ундан муваффақиятли ўтганларга касбий малака паспорти берилади. Аммо унутмаслик керакки, бу паспорт таълимнинг кейинги турини давом эттиришга асос бўла олмайди.

Хорижда муносиб иш топиш имконияти

Бошқа мамлакатда ишлаш истагидаги инсонларнинг олий маълумот даражалари нострификация жараёнидан ўтказилади. Аммо бу амалиёт ўрта касб-ҳунар дипломлари учун амал қилмагани боис, кўплаб кишиларнинг қўшимча имкониятларини йўққа чиқаради. Ёки зарур билим ва кўникмаларга эга бўлмаган кишилар иш топишда катта қийинчиликларга дуч келади. Ана шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, “Skills pasport”ни олий маълумот дипломларини нострификация қилиш жараёнининг муқобилига айлантириш, унинг “WorldSkills International”  халқаро ҳаракатига аъзо давлатлар ўртасида тан олинишини таъминлаш мақсад қилинган. Бу эса касб-ҳунар таълими паспортига эга инсонларнинг кўплаб давлатларда ўзига муносиб иш топиш имкониятини оширади. Айни пайтда “Skills pasport”  Россия ­Федерацияси ҳудудида фаол қўлланилмоқда ва кадрларни танлашда унга ишонадиган иш берувчилар сони кун сайин ортиб боряпти.

Касбий малака паспорти иш берувчиларнинг мос ходимларни топиш ва ташкилотига жалб қилишида ҳам бир қатор қулайликлар яратади. Яъни корхона-ташкилотлар раҳбарлари ходимнинг малака паспорти асосида қайси йўналишда зарур кўникмага эга эканини билиб олади. Бўш иш ўрнига талабгор номзоднинг “Skills pasport”га эга экани унинг халқаро стандарт асосида имтиҳондан ўтганини ҳам тасдиқлайди.

Мамлакатимизда касбий малака паспортини олиш тизими жорий этилгач, унга эга бўлган ҳар бир мутахассисни ягона миллий кадрлар базасига киритиш кўзда тутилган. Бу иш берувчиларга битта платформада тўпланган кўплаб мутахассислар орасидан ўзига мосини танлаб, ишга таклиф этиш имкониятини ошириш билан бирга, паспортга эга кишиларнинг муносиб иш жойида фаолият юритишини таъминлайди.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири