Тошкент вилояти Давлат хизматлари марказлари томонидан ҳам аҳолига кўчмас мулк объекти кадастр паспортининг янги кўринишдаги намунасини бериш йўлга қўйилган бўлиб, бугунги кунда фуқароларимиз мазкур хизматдан кенг фойдаланмоқда.
Чиноз туман Давлат хизматлари маркази томонидан Шаҳло Атаметова ва Роза Акрамовага янги намунадаги кўчмас мулк объектнинг кадастр паспорти топширилди.
— Авваллари кадастр паспорти билан боғлиқ кўплаб муаммолар юзага келарди, — дейди Чиноз туман Давлат хизматлари маркази директори Муроджон Иброҳимов. — Смарт карта шаклидаги кадастр паспортида кўплаб қулайликлар бор. Масалан, барча кадастр маълумотлари бир жойда, ягона маълумотлар базасида сақланади. Ундаги маълумотлар онлайн равишда базага уланган ҳолда кўрилади. Агар смарт карта йўқолиб қолса ёки яроқсиз ҳолга келса картани масофадан туриб блоклаш мумкин. Шунингдек, унга уй-жойнинг географик майдони ва чегараси тўғрисидаги маълумотлар ҳам киритилган.
Кўпчилик учун яна бир муҳим қулайлиги кадастр паспортида QR-код тизими мавжуд. Энди мулк эгалари ваколатли ташкилотларга мурожаат қилмасдан “QR scanner” мобил иловаси орқали ҳам кўчмас мулк тўғрисидаги барча маълумотларни олиши мумкин.
Ўтган бир ой давомида Тошкент вилоятининг барча туман ва шаҳар давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига 200 га яқин янги намунадаги кадастр паспорти, яъни смарт карталар берилди.
ДХА Тошкент вилояти бошқармаси
матбуот хизмати