Ўзбекистон банклари Ассоциацияси биносида тижорат банклари ва бир қатор IT-компаниялар иштирокида “Рақамлаштириш ва IT—Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим салоҳиятидир” мавзусида банк-молия форуми бўлиб ўтди. Унда қатнашчилар нафақат IT соҳасига оид янгиликлар, балки ана шу соҳанинг банклар тизимига жорий этаётган рақамли лойиҳалари билан танишди.

Аниқроғи, иштирокчилар томонидан рақамли иқтисодиётнинг энг сўнгги намуналари тақдим этилди. Масалан, “Агробанк” АЖ ўзининг “Smart Office” дастури тақдимотини қилар экан, бу Ўзбекистонда янгилик экани таъкидланди.

— Бу тажрибани дунё бўйича фақат БААда кўрганмиз ва Ўзбекистонда биринчи шундай тизимдир, — дейди “Агробанк” АЖ Банк карталарига хизмат кўрсатиш департаменти директори Зафаржон Мамажонов. — “Smart Office” лойиҳасидан кўзланган мақсад мижозлар банкка бормасдан ҳамда банкнинг иш режими ва дам олиш кунларига боғлиқ бўлмаган ҳолда хизматларидан фойдаланишлари имкониятини яратишга қаратилган. Бундай офислар ҳар куни 24 соат давомида очиқ бўлади ва мижозларга робот-қурилмалар хизмат кўрсатади. Барча турдаги банк хизматларини махсус рақамлаштирилган қурилмалар орқали бажариш мумкин. Ҳозирда илк “Smart Office” Тошкент ва Нукус шаҳарларида иш бошлади. Йил охиригача барча вилоятларда 170 та шундай нуқталар очилади.

Бугун мамлакатимизда иқтисодиётнинг барча соҳаларини рақамли технологиялар асосида янгилаш жараёни жадал кечмоқда. Президентимизнинг ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Рақамли Ўзбекистон—2030” дастури ҳаётга татбиқ этиляпти. Айниқса, охирги беш йилда АКТ соҳасида инновацион стартап-лойиҳаларни қўллаб-қувватлашнинг замонавий механизмларини ишлаб чиқиш, шу жумладан, технопаркларни яратиш, венчур капитал бозорини ривожлантириш, бизнес акселераторлари ва инкубаторларини ташкил этишга катта эътибор қаратилмоқда.

Бу банк-молия тизимини трансформация қилиш жараёнларини янада жадаллаштиришга хизмат қилади.