Ҳар қандай саноат корхонасининг тараққиётида фан ва инновация муҳим аҳамиятга эга. Илм-фан ютуқларини саноатга татбиқ этиш, пировардида эса иқтисодий тараққиётга эришиш ҳар бир йирик саноат корхонасининг асосий стратегик йўналиши ҳисобланади. Айниқса, ҳозирги техника асрида илм-фан ютуқларини, инновацион лойиҳаларни амалиётга жорий этиш давр талаби бўлиб қолмоқда.

Миллий матбуот марказида “Олмалиқ КМК АЖда фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси. Янги технологиялар ва янги маҳсулотлар” мавзусида ўтказилган брифингда ҳам шу ҳақда сўз борди.

Айни пайтда ОКМКда Фан ва инновация бўлими ташкил этилган бўлиб, самарали фаолият юритиб келмоқда. Комбинат томонидан янги инновацион технологиялар ва янги рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришни, маҳаллий хом-ашёлардан унумли фойдаланиб, нафақат илғор технологияларни қўллаш, балки жараёнда қўлланиладиган кимёвий бирикма ва реагентларни, эҳтиёт қисмларни ҳам ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга эътибор қаратилмоқда.

Комбинатда 40 дан ортиқ тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Жараёнда14 та кимёвий элемент соф ва бирикма ҳолида тайёрланиб, шундан 10 таси асл, 4 таси бирикма ҳолида (рений, калций, олтингугурт ва қўрғошин), қолган 10 таси мис, рух, кадмий, олтин, кумуш, палладий, теллур, селен, вольфрам ва молибденлардир.

— Битта маъдандан тайёр мис олиш жараёни 11 та босқичда амалга оширилади. Бу ўртача 32 соат давом этади, — деди комбинат бош муҳандисининг илм-фан бўйича ўринбосари Абдурашид Ҳасанов. — Агар бунга яна 5 та жараён қўшилса, кумуш ва олтин олинади. Бугунги кунда замонавий технологиялар ҳамда илм-фан уйғунлиги асосида маъданлардан кўпроқ соф ҳолдаги мис олишга эришиляпти. Кондаги техноген чиқиндилардан турли маҳсулотлар олиш йўлга қўйилди. Хусусан, шу тарзда ишлаб чиқарилаётган темир кукунидан мис заводида фойдаланиляпти.

Комбинатда 2019 йил апрель ойида Корея давлатининг KIRAM нодир металлар институти билан  ҳамкорликда биринчи нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар Ўзбек-Корейс илмий-технологик маркази ташкил этилди. Марказнинг вазифаси юқори тозаликдаги металлар олиш технологиясини ишлаб чиқиш учун илмий-тадқиқот фаолияти, шу жумладан, ўта соф металлар — молибден, рений, вольфрам ва бошқаларни олиш технологиясини ишлаб чиқиш, юқори қўшимча қийматга эга бўлган товарлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш билан уларни қайта ишлаш, янги маҳсулотлар олиш учун тадқиқот фаолиятини олиб боришдан иборат.

Бугунги кунда ушбу марказ томонидан муваффақиятли изланишлар натижасида жамоа нодир металлар асосидаги янги тур маҳсулотларининг илк намуналарини ишлаб чиқаришга муваффақ бўлишди. Хусусан, бўлим Республика ҳамда хорижий илмий-тадқиқот институтлари ва муассасалари билан илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Мазкур илмий ишлар ичидан Россия Федерациясининг ТОМС лойиҳа институти билан оксидланган мис рудаларни ва бойитиш фабрикаси чиқиндиларини қайта ишлаш ҳамда маҳаллий хомашёдан олеин кислотасини ва флотация пайтида ишлатиладиган кўпиртиргич - Т-92 реактивини олиш борасида бажарилаётган илмий ишларга урғу берсак бўлади.

Ишлаб чиқаришдаги муаммоларга  ечим  излаш  борасида комбинат ишчи-ходимлари ҳам фаол иштирок этишмоқда. Бундай ечимларни улар  ўз  рационализаторлик  таклифларида  акс эттирмоқдалар. Ишлаб чиқаришга жорий қилинган рационализаторлик таклифларидан комбинатда 2020 йилда 40,6 млрд. сўм иқтисодий самарага эришилди.

Амалга оширилаётган ишларнинг бош мақсади комбинат ишлаб чиқариш жараёнида янада самарадорликни оширишдир.  Бунинг учун ОКМКда барча манбалар, имкониятлар мавжуд.