Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов соҳа ходимлари ва аҳолига мурожаат қилиб, тиббиёт тизимида коррупцияга қарши курашни янада кучайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш устувор вазифа бўлиб қолишини таъкидлади.
Вазирнинг қайд этишича, Президент томонидан коррупция мамлакат тараққиётига жиддий таҳдид сифатида баҳоланиб, унга қарши тизимли курашиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу асосда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмаси ҳам қайта ташкил этилиб, замонавий ёндашувга эга малакали кадрлар билан тўлдирилмоқда.
Мурожаатда илк бор коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс масалалари бўйича вазир ўринбосари лавозими жорий этилгани, ички назорат тизими эса Комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бошқармасига айлантирилгани маълум қилинди.
Шунингдек, жорий йилнинг ўтган беш ойи давомида masofaviyaudit.uz автоматлаштирилган ахборот тизими орқали вазирлик тизимидаги ташкилотларда 979 та ҳолатда 514,9 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликлар эрта аниқланиб, бартараф этилгани қайд этилди.
Туғруқ муассасаларида «суюнчи» пули ёки кесарча кесиш амалиёти учун ноқонуний ҳақ талаб қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида барча тиббиёт муассасаларида «Сирли мижоз» тадбирлари жорий этилган.
Вазирнинг таъкидлашича, амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Очиқлик индексида Соғлиқни сақлаш вазирлиги 87,2 балл тўплаб, 97 та ташкилот орасида 60 поғона юқорилаган ва илк бор «яшил» даражага чиққан.
Мурожаатда 2026 йил 1 июлдан бошлаб «Рақамли комплаенс» ахборот дастурий комплекси синов режимида ишга туширилиши, коррупцияга қарши ички назорат фаолияти «E-Komplaens» электрон модули орқали тўлиқ рақамлаштирилиши ҳамда сунъий интеллект технологиялари ёрдамида коррупциявий хавфларни барвақт аниқлаш механизмлари жорий этилиши маълум қилинди.
Шу билан бирга, вазир ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари ва барча даволаш-профилактика муассасаларида кадрларни янгилаш ишлари давом эттирилишини билдирди. Бу жараёнда аҳолидан келиб тушаётган мурожаат ва шикоятлар асосий мезон бўлиши қайд этилди.
Элдор Адилов фуқароларни тизимдаги коррупциявий ҳолатлар, манфаатлар тўқнашуви, бюрократик тўсиқлар ёки ноқонуний тўловлар ҳақида вазирликнинг 1203 қисқа рақамли «Ишонч телефони» ёки info@ssv.uz электрон почтаси орқали хабар беришга чақирди.
Унинг сўзларига кўра, ҳар бир мурожаат тезкор тартибда кўриб чиқилади, мурожаат этувчиларнинг шахси ва тақдим этилган маълумотларнинг махфийлиги тўлиқ кафолатланади.